Жаҳон | 22:46 / 27.02.2026
4447
7 дақиқада ўқилади

“Толибон” ўз онаси – Покистонга қарши чиқяпти” – сиёсатшунос

Покистон мудофаа вазирининг “очиқ уруш” ҳақидаги баёноти минтақадаги кескинликни янада кучайтирди. Баёнотларда айтилишича, “Толибон” Покистон назоратидаги 19 та чегара постини эгаллаб олган. Таҳлилчиларга кўра, Кобул ва Исломобод ўртасидаги зиддият аслида узоқ тарихий ва сиёсий илдизларга эга, бугунги вазият эса тўлиқ урушдан-да мураккаб ва давомли зиддият эҳтимолини кўрсатмоқда.

Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақида сўз юритди.

Покистон мудофаа вазири “Толибон” билан очиқ уруш бошланганини айтди, Кобул ва Исломобод катта урушга киришадими?

Камолиддин Раббимов: “Очиқ уруш” дейилганда масалага кенгроқ қараш керак. Аслида бу можаронинг тарихи жуда узоқ. “Толибон” ҳаракати асосан этник пуштунлардан иборат. Пуштунларнинг катта қисми эса нафақат Афғонистонда, балки чегаранинг нариги томонида, Покистон ҳудудида ҳам яшайди.

Пуштунларнинг тарихий лойиҳаси деб аталадиган ғоя шундан иборатки, улар Покистон ҳудудидаги пуштун яшайдиган ерларни ҳам қўшган ҳолда йирик Афғонистон тузишни истайди. Бу масала Дуранд чизиғи билан боғлиқ. Мазкур чегара чизиғи пуштунлар томонидан тўлиқ тан олинмаган. Шу сабабли улар Покистон ҳудудида ҳам ўзларининг тарихий ерлари борлигини таъкидлаб келади.

Аввал таъкидланганидек, Покистон маълум маънода “Толибон”нинг шаклланишида муҳим рол ўйнаган. 1990 йилларнинг ўрталарида, Беназир Бҳутто ҳокимияти даврида Покистон Совет Иттифоқига қарши курашган мужоҳидларни қўллаб-қувватлади. Кейинчалик ушбу кучлар “Толибон” ҳаракатининг асосига айланди ва қисқа муддат ичида сезиларли сиёсий-ҳарбий кучга айланишди. 1994 йилдан бошлаб ҳаракат фаол тус олди, 1996 йилда Кобулни эгаллади, 1998 йилга келиб эса Афғонистоннинг катта қисмини назорат қила бошлади. Ўша даврда Абдурашид Дўстум ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. 2001 йилда эса АҚШ бошчилигидаги кучлар Афғонистонга кириб келгач, “Толибон” ҳокимиятдан ағдарилди.
Бугунги кунга келиб, пуштунларнинг мазкур ҳудудий амбициялари тўлиқ йўқолган деб айтиш қийин. Энди савол туғилади: бу можаро тўлақонли урушга айланиб кетадими?! Кўпчилик фикрича, бу узоқ муддатли, паст интенсивликдаги зиддият сифатида давом этади.

Бунинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, Покистон Афғонистон ҳудудида кенг кўламли ҳарбий операция ўтказишга журъат этмайди. Тарих шуни кўрсатадики, Афғонистонга кирган ташқи кучлар — Британия империяси, Совет Иттифоқи ёки АҚШ узоқ муддатли ва мураккаб қаршиликка дуч келган. Афғонистон бежизга “империялар қабристони” деб аталмайди.

Иккинчидан, “Толибон”нинг Покистон ҳудудига кенг кўламли бостириб кириши ҳам эҳтимолдан йироқ. Покистон ўз ҳудудидаги пуштун аҳолини етарли даражада назорат қила олади.
Шу боис, эҳтимолий сценарий бу очиқ ва кенг кўламли уруш эмас, балки узоқ йиллар давом этадиган, паст интенсивликдаги, вақти-вақти билан кескинлашиб турадиган зиддиятдир. Бу муаммо бир ёки беш йилда ҳал бўлиб қолмайди. Ҳатто ўнлаб йиллар давомида ҳам минтақадаги сиёсий кун тартибида сақланиб қолиши мумкин.

Азизбек Файзуллаев: Бу можаро аслида кутилган эди. Чунки унинг сигналлари анча вақтдан бери сезилиб келаётган эди. 2021 йилда “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган пайтда Покистонда, хусусан Исломобод кўчаларида буни байрам сифатида нишонлаб, ширинликлар тарқатилгани ҳам кузатилган. Ҳатто Афғонистонда урду тилига иккинчи давлат тили мақоми берилиши мумкинлиги ҳақида ҳам турли гап-сўзлар тарқалган эди.

Бироқ бу шов-шувли баёнотлар тез орада барҳам топди. Орадан кўп ўтмай “Толибон” Покистонга нисбатан кескин баёнотлар бера бошлади ва икки томон ўртасида зиддият кучайди.

Ҳозирги воқеалар жорий йил 21 февралдан бошланган бўлиб, улар “Теҳрике Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳининг лагерларига қарши олиб борилган ҳарбий операциялар билан боғлиқ. Айрим маълумотларга кўра, бу жараёнларга Афғонистон томони, жумладан, Қори Фасиҳуддин Фитрат бошчилигидаги ҳарбий тузилмалар ҳам жалб этилган.
Айни пайтда “Толибон” сафида юқори даражадаги мотивация кузатилмоқда. Хабар қилинишича, 19 та блокпост эгалланган, улардан тўрттаси ёқиб юборилган. Шунингдек, 55 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлгани ва уларнинг жасадлари ҳали Покистон томонига топширилмагани айтилмоқда.

Бу ерда энг муҳим жиҳатлардан бири “Толибон” кучини паст баҳоламаслик кераклиги.

Ҳаракат етакчиларининг аксарияти узоқ йиллар давомида Покистон ҳудудида яшаган ёки фаолият юритган. Шу сабабли улар мамлакат географияси, ички сиёсий муҳит ва элита доираларининг умумий сиёсий риторикасини яхши билади. Бу омил уларга стратегик устунлик бериши мумкин. Агар уларда маълум даражада ишонч ва тайёргарлик бўлмаганида, бундай кескин тўқнашувларга киришмаган бўлар эди.
Шу билан бирга, Афғонистон томонининг жиддий заиф жиҳати ҳам мавжуд, уларда замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими йўқ. Покистон эса бу борада анча устун. Ҳозирги босқичда Покистон асосан ҳаво зарбалари орқали ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, Кобул, Қандаҳор ҳамда шарқий вилоятлар Нангарҳор ва Хост ҳудудларида ҳаво ҳужумлари қайд этилган.

Яна бир муҳим масала халқаро омил. Покистон томони бу ҳаракатларни ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқи билан изоҳламоқда. Айрим баёнотларда, агар таҳдид давлат хавфсизлигига қаратилган бўлса, Покистон халқаро ҳуқуқ асосида жавоб чораларини кўришга ҳақли экани таъкидланмоқда. АҚШ ҳам “Толибон”га қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларни очиқ қораламаган. Бу омиллар Покистон мудофаа вазирининг вазиятни “очиқ уруш” деб аташига асос бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Бироқ мавжуд шароитдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирча бу тўлиқ кўламли урушдан кўра, чекланган ва назорат остидаги ҳарбий тўқнашувларга ўхшайди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов

Мавзуга оид