Жаҳон | 09:10 / 28.02.2026
4976
2 дақиқада ўқилади

Россияда илк бор оммавий равишда “ракета хавфи” эълон қилинди

Камида 13 та Россия ҳудудида “ракета хавфи” режими эълон қилинди, айримларида эса — Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери биринчи марта.

Фото: picture alliance/dpa/TASS

Россияда 27 феврал, жума куни кундузи “ракета хавфи” режими бир вақтнинг ўзида камида 13 та ҳудудда эълон қилинди, уларнинг аксарияти Украина билан чегарадош эмас. The Moscow Times нашри хабар беришича, эҳтимолий ҳужум ҳақида Татаристон, Бошқирдистон, Чувашия, Удмуртия ҳокимиятлари, Перм ўлкаси, шунингдек Самара, Уляновск, Пенза, Саратов, Оренбург, Свердловск, Ростов ва Курск вилоятлари расмийлари огоҳлантирган.

Шу ҳудудларнинг камида саккизтасида бундай режим Россия қўшинларининг Украинага қарши тўлиқ кўламли босқини бошланганидан бери биринчи марта жорий этилди. Айрим шаҳарларда, жумладан Алметевскда жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди, Қозон, Ижевск шаҳарларида ва Самарадаги Курумоч аэропортида эса одамлар эвакуация қилинди.

Чувашия ҳокимияти республикага икки ракета билан ҳужум қилишга уриниш бўлгани ҳақида билдирган: уларнинг бири уриб туширилган, иккинчиси эса “йўналишини ўзгартириб”, “қўшни республика томонга учиб кетган”. Кейинроқ ҳукумат бу маълумот “нотўғри” бўлганини ва уни тасдиқловчи далиллар йўқлигини айтди.

Шу билан бирга, Shot Telegram-канали Чувашия осмонида Украинага тегишли “Фламинго” русумли икки ракета уриб туширилганини даъво қилди. “Радар по всей России” канали эса учта ракета уриб туширилгани ҳақида хабар берди — биттадан: Удмуртияда, Перм ўлкасида ва Таганрог яқинида Азов денгизи устида.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар маълум қилишича, Таганрогда “ракета парчаларининг тушиши натижасида” Циолковский кўчасидаги кўп қаватли уйда балкон қисман қулаган. Жабрланганлар ҳақида хабар йўқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид