Ўзбекистон | 17:30
4145
3 дақиқада ўқилади

Умра сафарлари вақтинча кечиктирилди

Фото: Kun.uz

Яқин Шарқда ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

«Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан фуқароларга ушбу ҳудуддаги давлатларга сафар уюштирмаслик, айни пайтда, ўша ерларда бўлиб турган ватандошларимизга эса эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилмоқда.

Мазкур вазиятни инобатга олган ҳолда, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилади.

Жумладан, 2026 йил 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан режалаштирилган Тошкент–Жидда йўналишидаги навбатдаги умра зиёратчилари рейси ҳам маълум муддатга қолдирилишини маълум қиламиз», дейилади қўмита хабарида.

Авиақатновлар қайта тикланиши ҳақида расмий манбалар орқали қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб 48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Доҳа шаҳридаги элчихонаси маълумотларига таяниб, «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди. 

Доҳада авиакомпаниялар фавқулодда вазият сабаб йўловчиларни меҳмонхона билан таъминлай олмай қолган. Шундай шароитда Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси ходимлари зудлик билан аэропортга етиб борган. Музокаралар ўтказилиб, фуқаролар вақтинчалик меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

«Қатар ҳаво ҳудуди очилиб, парвозлар тикланиши билан фуқароларимизнинг ватанга хавфсиз қайтиши таъминланади. Вазият элчихонанинг доимий назоратида бўлиб, йўловчилар рўйхати мунтазам янгилаб борилмоқда. Дипломатик ваколатхона юртдошларимизни ваҳимага тушмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга ҳамда хавфсизлик юзасидан одамлар гавжум жойлардан сақланиб, маҳаллий қонун-қоидаларга амал қилишга чақиради», дея маълум қилган элчихона.

​Қўшимча қилинишича, Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар муносабати билан Қатарда бўлиб турган 600 га яқин Ўзбекистон фуқароси орасида жабрланганлар аниқланмаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид