Бугунги кунда коллектив Ғарбнинг терроризмга нисбатан бўлган қарашлари адолатли деб бўлмайди. Улар ўз таъсир доирасига ололмаган давлатлардаги ҳукуматларни, айрим давлат тузилмаларини ҳам террористик ташкилот деб билади.

Бунга яққол мисол Афғонистонда ҳокимият тепасига келган “Толибон”. Ғарб давлатлари 1990-йилларда Афғонистонни айнан “Толибон” туфайли ўз таъсир доирасидан чиқариб юборгач, уни террористик ташкилот деб эълон қилади.

2022 йилда «Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига келгандан кейин ҳам Коллектив Ғарб уни террористик ташкилотлар сафидан чиқармай келмоқда.

Афғонистонга қўшни бўлган Эронда ташкил этилган яна бир давлат тузилмаси – ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Бу тузилма ҳам дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида террористик ташкилот ҳисобланади. Ажабланарлиси улар орасида бир қатор мусулмон ўлкалар ҳам бор.

Хўш, нега Эрондаги ташкилотни Ғарб давлатлари билан бирга Саудия ва Баҳрайн каби аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатлар ҳам террористик ташкилот деб ҳисоблайди?

Ҳозир Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ташкил этилиши ва у нега мусулмон ўлкаларда ҳам террористик ташкилот деб эълон қилингани ҳақида гаплашамиз.

Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ташкил этилиши

1978 йилда Эронда шоҳ тузумига қарши намойишлар бошланади ва у йил охиригача турли тўлқинларда давом этади. Ўша йили декабрга бориб намойишлар кучаяди.

Биргина Теҳрон шаҳри кўчаларига 2 млн одам шоҳ Ризо Паҳлавийнинг истеъфосини талаб қилиб чиқади. Бундай кенг кўламдаги босимга чидай олмаган шоҳ 1979 йил 16 январ куни ҳокимиятни бош вазир Шопур Бахтиёрга қолдириб, Эрондан қочиб кетади.

1979 йил 1 февралда оятуллоҳ Хумайний 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади ва Бахтиёрнинг мамлакатни биргаликда бошқариш ҳақидаги таклифини рад этади.

Кўп ўтмай Бахтиёр ҳам ағдарилади ва Эронда ҳокимият инқилобчилар қўлига ўтади. 11 феврал куни Эрон Ислом республикаси ташкил этилгани эълон қилинади.