Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон зарбалари: чекланган жавобми ёки катта уруш бошланиши?
Эрон аввал огоҳлантиргандек АҚШга жавоб зарбалари беряпти.
Форс кўрфази атрофидаги бир қанча давлатлар аллақачон ҳаво ҳудудларини ёпган, шундай бўлса-да араб давлатларидаги машҳур тураргоҳлардан портлашлар акс этган тасвирлар тарқаляпти.
Сиёсатшунослар Эрон атрофидаги вазиятни турли ракурслардан баҳолаб, эҳтимолий кутилмалар ҳақида сўз юритди.
Эрон аввал огоҳлантиргандек АҚШга жавоб зарбаси беролдими?
Бектош Бердиев: Эрон бир неча ой аввалоқ агар Америка Қўшма Штатлари ҳужум қилса, АҚШ ҳарбий базалари жойлашган ҳар қандай давлат қонуний нишонга айланиши ҳақида огоҳлантирган эди. Бу ҳақида Қатар, БАА, Кувайт ва Саудия Арабистони олдиндан хабардор қилинган ва тегишли тайёргарлик ҳам кўрилган.
Шу сабабли ҳозирча инсоний йўқотишлар катта эмас. Бироқ Эрон ўз сўзида турган ҳолда ушбу давлатлардаги АҚШ ҳарбий объектлари ва бошқарув нуқталарига зарба берди. Айниқса, Баҳрайндаги денгиз кучлари бошқарув марказига қилинган ҳужум алоҳида аҳамиятга эга.
Айни пайтда Эрон кучли дипломатик босимга дуч келмоқда. Кўплаб давлатлар уни бошқа мамлакатлар суверенитетига таҳдид қилганликда айблаб, кескин қораламоқда. Қатар, Кувайт, БАА ва Саудияга нисбатан қилинган ҳаракатлар халқаро миқёсда танқид қилинмоқда. Бироқ шу билан бирга, АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган ҳужумлар Ғарб томонидан жиддий қораланмаяпти. Бу ҳолат халқаро муносабатлардаги икки хил ёндашув сифатида баҳоланмоқда.
Россия, Хитой, Беларус ва Туркия каби давлатлар Эронга нисбатан нисбатан юмшоқроқ муносабат билдирган бўлса, Ғарб давлатлари аксинча Теҳронни айблашда давом этмоқда. Европа Иттифоқи ҳам бу жараёнда ўз иттифоқчилари позициясини қўллаб-қувватлаётганини билдирган.
Шунингдек Эрон ҳали ўз ҳарбий салоҳиятини тўлиқ намоён этгани йўқ. У доимий босим ва зарбалар остида турибди. Шунга қарамай, маълум даражада жавоб зарбаларини бермоқда. Яна бир муҳим жиҳат, араб жамиятларидаги кайфият. Бу ерда икки хил қараш бор. Бир томондан, Эрон шиа давлати бўлгани учун рақиб сифатида қабул қилинади. Иккинчи томондан эса, у Фаластинни қўллаб-қувватловчи ва Исроилга қарши асосий куч сифатида кўрилади.
Шунингдек, кўплаб араб давлатларида шиа мазҳабидаги аҳоли мавжуд бўлиб, улар турли шароитларда Эронни қўллаб-қувватлашга мойил.
Бу ҳолат айниқса Ироқда яққол кўринмоқда: у ерда АҚШ ҳарбий базалари ва элчихонаси олдида намойишлар бошланган. Бу эса Ироқда вазият янада беқарорлашиши мумкинлигини кўрсатади. Хусусан, Бағдоддаги намойишлар бу хавфнинг реал эканини англатмоқда. Умуман олганда, Форс кўрфази атрофидаги давлатларда шиа аҳолининг мавжудлиги минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.
Ойбек Сирожов: Олдинги 12 кунлик уруш пайтида Эрон жамияти ахборот нуқтаи назаридан маълум маънода шок ҳолатига тушган эди. Ҳозирги вазиятда эса жамият анча уйғоқ ва тезкор реаксия қилаётганини кўриш мумкин.
Масалан, Эрондаги мактабга қилинган ракета зарбаси ва натижада 150 дан ортиқ боланинг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотлар қисқа вақт ичида бутун дунёга тарқалмоқда.
Бу эса ахборот майдонида фаоллик ошганини кўрсатади. Бироқ шу билан бирга, интернетнинг ўчирилиши жиддий таъсир кўрсатди. Бу ҳолат кўплаб йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни халқаро жамоатчиликка етказишни чеклади ва жамият ичида маълум даражада саросима келтириб чиқарди.
Ҳарбий жиҳатдан қаралса, Эрон ўзининг айтганидек тўлиқ самарали зарбалар бера олмаётган бўлса-да, маълум даражада жавоб қайтараётгани кўриниб турибди.
Бу эса мамлакат олдиндан жиддий тайёргарлик кўрганини англатади.
Шу билан бирга, бу ҳолат можаро узоқ давом этиши мумкинлигидан дарак беради. Буни Эрон расмийларининг баёнотлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг вақтинчалик бош қўмондони Аҳмад Воҳидий чиқиш қилиб, Эронда ҳали қўлланмаган “сирли қуроллар” борлиги ва улар яқин вақтда ишга солиниши мумкинлигини айтди. Бу эса можаро янада кескинлашиши эҳтимоли борлигини кўрсатади.
Камолиддин Раббимов: Эрон сиёсий тизими теократик тизим бўлиб, унда диний ва сиёсий ҳокимият бирлашган. Бугунги вазиятни тушунтиришда фақат ташқи душманларни айблаш етарли эмас. Минтақада Исроилнинг агрессив сиёсати, Фаластиндаги урушлар ва катта ҳудудий даъволар ҳақидаги қарашлар бор. Бу омиллар Эрон сиёсатига ҳам таъсир қилади. Лекин замонавий дунёда ҳар қандай давлат ички жиҳатдан ҳам кучли ва рақобатбардош бўлиши керак.
Бугунги халқаро сиёсатда, яъни куч ва манфаатлар устуворлиги доим мавжуд бўлган. Олдин АҚШ бу сиёсатни кўпроқ халқаро қонунлар ва дипломатия орқали олиб борган. Масалан, айрим ҳарбий ҳаракатлар БМТ хавфсизлик кэнгаши орқали асослаб берилган. Ҳозир эса айрим сиёсатчилар бу қоидаларга камроқ эътибор бермоқда.
Эрон тизимининг энг катта муаммоси унинг легитимлиги, яъни халқ орасидаги ишончи сусайиб бораётгани. Иқтисодий ва ижтимоий вазият оғирлашган. Албатта, бунда ташқи босимлар, санкциялар ва геосиёсий қарама-қаршиликлар муҳим рол ўйнайди.
Эрон табиатан газ ва нефтга бой, лекин ички сиёсий тизим ва халқаро босим туфайли бу ресурслардан тўлиқ фойдаланолмаяпти.
Шунингдек, дунёдаги бошқа давлатлар ҳам иқтисодий ва сиёсий босимга дуч келмоқда. Масалан, Туркияда ҳам охирги беш йилда инфляция 600 фоизга етган. Кейинги босим Покистонга нисбатан ҳам пайдо бўлиши мумкин. Исроилга нисбатан салбий муносабатда бўлган ҳар қандай давлат бу рўйхатдан жой олиши мумкин.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:50 / 01.03.2026
Яқин Шарқдаги қатор ҳарбий базалар Эрон ҳужумига учради
21:38 / 01.03.2026
Трамп: Эрон музокараларни тиклашни сўради
21:37 / 01.03.2026
Эрон президенти уруш бошланганидан буён илк бор миллатга мурожаат қилди
21:30 / 01.03.2026