Жаҳон | 09:06
1654
2 дақиқада ўқилади

Россия Херсонни ўққа тутди: ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор

РФ қўшинлари Херсоннинг турар жой мавзеларига артиллериядан зарба берди. Тўрт киши ҳалок бўлди, шунингдек яраланганлар ҳам бор.

Фото: Telegram / khersonpolice

Россия қўшинлари якшанба, 1 март куни Херсон шаҳрининг турар жой мавзеларига бир неча марта артиллерия зарбалари берди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, натижада тўрт киши ҳалок бўлган.

“Душман Херсонни ўзида мавжуд барча қурол-яроғ арсенали билан ўққа тутишда давом этмоқда. Бугунги кун давомида РФ қўшинлари Корабел туманига бир неча артиллерия зарбасини берди. Нишонда Шуменский микротуманидаги турар жой мавзелари бўлди”, — деб Херсон вилояти полицияси Telegram’да хабар қилди.

Тахминан соат 13:00 лар атрофида содир бўлган артиллерия ўқи туфайли тўрт нафар тинч аҳоли ҳаёт билан мос келмайдиган оғир жароҳатлар олган. 77 ёшли икки аёл уйлардан бирининг подъезди олдида воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна икки киши — 85 ёшли аёл ва 63 ёшли эркак шифохонада вафот этган.

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) маълумотларига кўра, Россия томонидан шаҳарнинг ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли орасида яраланганлар ҳам бор.

1 март тонгида Россия қўшинлари Харкив шаҳрига ҳужумкор учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) билан ҳужум қилди. Дронлардан бири Шевченко туманидаги тўққиз қаватли ётоқхонага урилган.

Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг айтишича, ўққа тутиш натижасида ётоқхонанинг техник қавати шикастланган. Уч нафар жабрланувчи ҳақида хабар берилган: 75, 53 ва 69 ёшли аёллар кескин стресс реакциясини бошдан кечирган.

Бундан ташқари, кундузи шаҳарга ракета зарбаси берилгани оқибатида Иван Котляревский номидаги Харкив миллий санъат университети шикастланган, дея хабар қилди Украина Маданият вазирлиги. Ушбу муассаса Харкив 2022 йил баҳорида илк бор ўққа тутилган пайтда ҳам шикаст кўрган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид