Жамият | 12:33
994
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кучли дориларга қарши рейд: минглаб препаратлар мусодара қилинди

ДХХ ҳамда ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Рейдлар давомида “Регапен” ва “Зардекс”, шунингдек, қўлбола тайёрланган дориларнинг катта партияси ашёвий далил сифатида олинди.

Фото: ДХХ

Маълум қилинишича, ДХХ ва ИИО ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи, 1996 йил туғилган шахс ҳамда унинг 1999 йил туғилган самарқандлик таниши пойтахт ҳудудида тўхтатилиб текширилган. Натижада уларнинг ёнидан 8400 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланган.

Шунингдек, улар вақтинчалик омбор сифатида фойдаланган Чилонзор туманидаги хонадондан 12 600 дона “Регапен”, 10 000 дона турли хилдаги, ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлмаган қўлбола дорилар, дориларни қадоқлаш учун 500 дона идиш, қалбаки қадоқларга қайдларни ёзишга мўлжалланган маркерловчи мини-принтер ашёвий далил сифатида олинган.

Иккинчи ҳолатда ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1994 йил туғилган шахс 6 дона “Зардекс” дори воситасини 600 минг сўмга сотган пайтида ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу дори воситаларини етказиб бериб турган Наманган шаҳрида яшовчи, 1987 йил туғилган, муқаддам судланган фуқаро ҳам пойтахт ҳудудида қўлга олинган. Унинг “Трекер” русумли автомашинасидан 12 400 дона “Зардекс” ва 14 дона “Регапен” процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатларга дуч келинганда 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бериш мумкинлигини эслатди. Шахс маълумотларининг сир сақланиши кафолатланиши таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид