Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вадефул: “Бу можаро яқин кунларда тўхтамайди”
Германия ташқи ишлар вазири Али Хоминаийнинг ўлдирилиши билан Теҳрондаги режим ҳам ниҳоясига етса, бу яхшилик бўлишини айтди. ГФР ТИВ раҳбари Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқишдан воз кечишига умид билдирди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Яқин Шарқдаги жанг ҳаракатлари узоққа чўзилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Немис сиёсатчиси бу ҳақда якшанба, 1 март куни кечқурун ARD жамоат-телерадиокомпаниясидаги Карен Миоcга олиб борадиган ток-шоуда баёнот берди.
“Ҳаммамиз бу можаро чўзилиши мумкинлигига тайёр туришимиз керак. Яқин кунларда жанг ҳаракатлари тўхтайди, деб тахмин қилишнинг иложи йўқ”, — деди Германия дипломатияси раҳбари.
Шу муносабат билан, унинг таъкидлашича, минтақада таъсир кўрган мамлакатлардан “бошқа усуллар билан ҳам чиқиб кетиш имкониятини таъминлаш” учун — аллақачон қўлланган чораларга қўшимча равишда тадбирлар кўриш зарур.
Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳақида гапирар экан, Вадефул унинг ўлими “албатта, яхшилик бўлади”, агар шу билан Теҳрондаги режим ҳам тугаса, деди. Унинг қўшимча қилишича, Хоминаий ўз аҳолисини зулм остида ушлаб, минтақани беқарорлаштирган “шафқатсиз” тизимга раҳбарлик қилган.
ГФР ташқи ишлар вазири, шунингдек, Теҳрон ядровий қурол яратишдан, баллистик ракеталардан ва минтақадаги қўпорувчи фаолиятдан воз кечишига умид билдирди. “Айнан шу мақсадга бу ҳарбий зарбалар қаратилган”, — дея хулоса қилди Йоханн Вадефул.
Dpa агентлиги хабар беришича, вазир минтақада қолиб кетган сайёҳлар ҳам ўз хавфсизлиги учун масъул эканини таъкидлаган. “Бу (минтақада бўлиш — таҳр.) хавфли бўлиши мумкинлиги тўлиқ кутилмаган ҳолат эмас эди”, — деди дипломат.
Ўз навбатида, Бундестаг вице-спикери ва “Иттифоқ-90/Яшиллар” партиясининг собиқ ҳамраиси Омид Нурипур ҳукумат бундай вазиятда ҳам Германия фуқароларига ёрдам беришга мажбур, деган фикрда. Унинг фикрича, аввал эълон қилинган минтақага сафар хатарлари ҳақидаги огоҳлантиришларга қайта-қайта ишора қилишнинг ўзи етарли эмас. Агар қуруқлик орқали қўшни давлатларнинг аэропортларига чиқиб кетиш мумкин бўлса, Берлин бундай йўналишларни фаол тарзда ташкил этиши керак. “Бу — давлатнинг вазифаси”, — дея таъкидлади Нурипур.
Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси Яқин Шарқда ҳам, унинг ташқарисида ҳам авиаалоқанинг кенг кўламда издан чиқишига олиб келди. Шанба, 28 феврал куни нафақат Исроил ва Эрон, балки Ироқ, Иордания, Баҳрайн, Кувайт, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳам ҳаво ҳудудини тўлиқ ёки қисман ёпди. Дубай, Абу-Даби ва Доҳадаги асосий аэропортлар ишлашни тўхтатди.
Cirium таҳлил компанияси ҳисоб-китобига кўра, 28 феврал куни Яқин Шарқ мамлакатларига қўниш керак бўлган 4218 рейсдан 966 таси (22,9 фоиз) бекор қилинган. Шу куни Яқин Шарқ авиакомпаниялари жами 1800 рейсни бекор қилди.
Кўплаб немис сайёҳлар ҳам аэропортларда қолиб кетган. Улардан бири Bild газетасига шундай деган: “Дубай халқаро аэропортида тўлиқ хаос. Минглаб одамлар терминални тарк этишга уриняпти. Чиқиш йўллари йўқ, терминаллар орасида транспорт қатнови ҳам йўқ. Ҳеч қандай эълонлар йўқ, ходимлар ҳам кўринмайди”. Форс кўрфази авиакомпанияларидан бири вакили вазиятни “улкан логистик даҳшат” деб атаган.