Жамият | 12:22 / 03.03.2026
6467
2 дақиқада ўқилади

ФВВ ходимига 30 минг доллар пора таклиф қилган тадбиркор қўлга олинди

Тадбиркор бир қатор камчиликлар билан қурилган 12 қаватли “дом”ни пора бериш орқали фойдаланишга қабул қилишга эришмоқчи бўлган. У шу мақсадда Тошкент шаҳар ФВБ ходимига 30 минг доллар берган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Фото: ДХХ

Тошкентда ФВВ ходимига пора берган тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбиркор ўзи раҳбарлик қиладиган МЧЖ томонидан Яккасарой туманида қурилган кўп қаватли уйни пора бериш орқали фойдаланишга қабул қилдиришга уринган. У “Nazorat.MS.UZ” электрон портали орқали юборадиган аризасини ижобий ҳал қилиб бериши эвазига Тошкент шаҳар ФВБ ходимига 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.

Аслида 12 қаватдан иборат мазкур “дом”нинг бир қатор камчиликлари бартараф этилмаган бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда МЧЖ раҳбари 30 минг долларни ФВБ ходимига берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан тадбиркорга Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид