Ўзбекистон | 18:38 / 03.03.2026
2054
2 дақиқада ўқилади

Рўйхатга олишда 8,3 миллион хонадонда яшовчи аҳоли қамраб олинди

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари 2026 йил 1 июлига қадар, якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган маълумотлар эса 2027 йил 1 июлига қадар эълон қилиниши режалаштирилган.

Фото: census_2026

Рўйхатга олиш якунларининг дастлабки маълумотларига кўра, республика бўйича 8,3 миллион хонадонда яшовчи аҳоли тўлиқ қамраб олинди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Қайд қилинишича, бу жараёнда қўшимча турар жой объектлари, жумладан янги қурилган уй-жойлар аниқланган.

Таъкидланишича, айрим ҳолатларда хонадон аъзоларининг вақтинча хорижда бўлиши ёки бошқа объектив сабаблар туфайли уйда бўлмаслиги натижасида кам сонли фуқаролар рўйхатга олиш жараёнида иштирок эта олмаган бўлиши мумкин. Ушбу фуқаролар аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкил этилган 1851 қисқа рақамли колл-марказига қўнғироқ қилса, қайта ўрганишни амалга оширувчи статистика органи ходимлари уларнинг хонадонига бориб, рўйхатга олиш ишларини ўтказади.

Энди халқаро тавсияларга мувофиқ, маълумотларнинг аниқлиги ва сифатини баҳолаш мақсадида рўйхатга олиш натижаларини қайта ўрганиш ишлари ҳам ташкил этилади. Бунинг учун тасодифий танлаб олинган хонадонларга мутахассислар қайта боради. Одатда бундай қайта текширувлар умумий қамровнинг ўртача 5-10 фоизи доирасида амалга оширилади. Ўзбекистонда ҳам 10 фоизгача қамров асосида қайта ўрганиш режалаштирилган.

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари 2026 йил 1 июлига қадар, якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган маълумотлар эса 2027 йил 1 июлига қадар эълон қилиниши режалаштирилган.

Таъкидланишича, фуқаролар тақдим этган барча маълумотлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади. Шахсий маълумотлар махфий сақланади ва фақат умумлаштирилган статистик кўринишда ишлатилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид