Жаҳон | 15:15 / 03.03.2026
4360
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг эътирози: Британия Эронга зарбалар учун базаларини бермади

АҚШ президенти Доналд Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармердан Эронга зарбалар учун Британия ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермагани сабаб “кўнгли қолгани”ни айтди. Лондон эса қарорни миллий манфаат ва халқаро ҳуқуқ хавотирлари билан изоҳлади. Шу орада Кипрдаги RAF Акротири авиабазасига дрон зарбаси берилгани хабар қилинди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Британия бош вазири Кир Стармернинг Эронга нисбатан дастлабки зарбаларда АҚШга Британия инфратузилмасидан фойдаланишга йўл қўймагани учун танқид қилди ва буни “жуда кўнгил қолдирган” қарор сифатида баҳолади. Британия матбуотида Стармер қарорни қабул қилишда халқаро ҳуқуқ масаласи бўйича хавотирлари ҳам бўлгани ёзилди.

Стармер эса Трампнинг танқидига жавобан, урушга аралашмаслик бўйича биринчи қарор Британиянинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинганини, шунга қарамай АҚШга фақат “аниқ ва чекланган мудофаа мақсадлари” учун базалардан фойдаланишга рухсат берилганини билдирди. Британия ҳукумати баёнотида бу қарор “коллектив ўзини ҳимоя қилиш” ва минтақадаги Британия фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш билан асослангани айтилган.

Reuters ва Британия манбаларига кўра, Стармер Британия АҚШ–Исроилнинг Эронга берган асосий зарбаларда иштирок этмаганини таъкидлаган, бироқ АҚШнинг Эрон ракеталари омборлари ва учириш ускуналарига қарши “мудофаавий” зарбалар учун Британия базаларидан фойдаланиш илтимосини қабул қилган.

2 мартга ўтар кечаси Кипрдаги Британиянинг RAF Акротири авиабазасига дрон зарбаси берилгани хабар қилинди. Кипр президенти Никос Христодулидис ҳужум “Shahed туридаги” дрон билан амалга оширилганини, жабрланганлар йўқлиги, зарар эса катта бўлмаганини айтган. Манбалар ҳужум қайси нуқтадан учирилгани бўйича аниқ хулоса йўқлигини, айрим аломатлар уни Эронга яқин гуруҳлар томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини кўрсатишини қайд этган.

Стармер Британиянинг Кипрдаги базалари “Америка бомбардимончилари” томонидан ҳозирча фойдаланилмаётганини, аммо АҚШга чекланган мудофаавий вазифалар доирасида айрим рухсатлар берилганини парламентда ҳам айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид