Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга деярли тайёрмиз
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, бир неча кундан кейин Украина ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг “барча олти кластери”ни очишга “техник жиҳатдан тайёр” бўлади. Унинг сўзларига кўра, бу қадам мамлакат учун хавфсизлик кафолатларидан бири ҳисобланади.
Фото: President of Ukraine/APAimages/IMAGO
Украинанинг Европа Иттифоқи (ЕИ)га кириш санаси мамлакатдаги урушни тўхтатишга қаратилган 20 банддан иборат тинчлик режасида аниқ кўрсатилиши керак, деди Украина раҳбари Володимир Зеленский 2 март, душанба куни журналистлар билан суҳбатда. Унинг айтишича, “айнан бир неча кун ичида” мамлакат иттифоққа қўшилиш бўйича музокараларнинг “барча олти кластери”ни очишга “техник жиҳатдан тайёр” бўлади.
“Биз тайёрмиз, аммо ЕИдаги барча раҳбарлар эмас — нима учунлигини биласиз, ким тўсқинлик қилаётганини ҳам биласиз. Демак, ҳамма ҳам Украинага бу имкониятни беришга тайёр эмас. Украина кўп марта айтган: 2027 йилгача техник жиҳатдан ЕИ аъзоси бўлишга тайёр бўлади. Албатта, бу Украинагагина боғлиқ эмас. (Лекин) Украина ўз ишини қилиб бўлади”, — деди Зеленский, феврал охирида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Украинанинг ЕИга кириш санасини айтиш “ҳозирча имконсиз” деган сўзларини шарҳлар экан.
Украина президенти фикрича, Россия раҳбари Владимир Путин — Европа ва АҚШ лидерларига қандайдир ваъдалар бериши мумкин бўлса-да, Украинанинг ЕИга киришини “Венгрия орқали, яна кимдир орқали” тўсиб қўйишга ҳаракат қилади. “Шунинг учун бизнинг позиция: шериклар, шунингдек Россия томонидан ҳам имзоланадиган ҳужжатда аниқ сана керак — агар биз тўрт томонлама ҳужжат ҳақида, 20 бандлик режа ҳақида гапираётган бўлсак. Биз бу ҳақда гапирганимизда, Украина хавфсизлиги ҳақида гапирамиз. ЕИга аъзолик — Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳамдир”, — деди Зеленский.
Январ охирида Зеленский яна бир бор Украинанинг 2027 йилда ЕИга аъзо бўлиши талабини билдирган. 24 феврал куни эса Украина президенти урушнинг тўрт йиллиги муносабати билан Европарламент депутатлари олдида Киевдан видео-алоқа орқали чиқиш қилиб, ЕИга кириш учун “аниқ сана” кераклигини айтган. У, аниқ истиқбол бўлмаса, Москва Украина евроинтеграцияси жараёнини чўзиш ва Европани бўлиш учун бор имкониятни ишга солишини таъкидлаган.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ўша куни Киевдаги брифингда Украинанинг ЕИга кириш санасини “ҳозирча айтиш имконсиз” эканини билдирган. Шу билан бирга, у “ҳозир мамлакат тирик қолиш учун уруш олиб бораётганига қарамай” Украина эришган тараққиётдан ҳайратда эканини айтган.
Январ охирида Германия канцлери Фридрих Мерц Украинанинг тез орада ЕИга киришига имконият кўрмаётганини билдирган. “2027 йил 1 январдан аъзолик истисно қилинади. Бу мумкин эмас”, — деган канцлер. Шу билан бирга, у Украинага ЕИга кириш йўлини очадиган аниқ истиқбол бериш муҳимлигини айтган.
Мавзуга оид
10:24
200 дан ортиқ украин ҳарбийлари Ливияда — суриштирув тафсилотлари
09:50
Украинага кучли зарбалар: қурбонлар сони камида ўн кишига етди
21:20 / 03.04.2026
“Ўзбекистон билан ҳукуматлараро комиссия ишини тиклаймиз” – Украина ТИВ ўринбосари
08:19 / 02.04.2026