Жаҳон | 07:17
3484
2 дақиқада ўқилади

Атом энергетикасида ким олдинда? Қурилаётган реакторлар рейтинги

Хитой дунёда энг йирик атом реакторлари қурилиши дастурини амалга оширмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб ўнлаб реакторлар барпо этиляпти ва уларнинг умумий қуввати қарийб 43 000 мегаватт янги генерация қувватини таъминлайди. Фақат шу улкан лойиҳанинг ўзи ҳозир қурилиш босқичида бўлган ядровий қувватлар ҳажми бўйича қолган барча мамлакатлардаги жами кўрсаткичдан ҳам ошиб кетади.

Фото: AP / Petr David Josek

Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, 2025 йилда янги инфографикада келтирилган давлатлар ўз атом дастурларини энг фаол кенгайтирмоқда.

Айни пайтда Хитойда 37 та реактор қурилмоқда — бу тахминан 43 000 мегаватт янги қувват демакдир. Бу кўрсаткич Ҳиндистон ва Россиядаги қурилиш ҳажми (рейтингда кейинги ўринларни эгаллаган мамлакатлар)дан олти баробардан ҳам кўпроқ.

Электр энергияси истеъмоли ўсиб бораётгани ва эски станцияларни босқичма-босқич эксплуатациядан чиқариш шароитида атом энергетикасини ривожлантириш узоқ муддатли энергетик хавфсизлик ва электр тармоқлари барқарорлиги учун ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Реакторларнинг аксарияти дастлаб тахминан 40 йиллик муддатга лицензияланади, аммо модернизация ва тегишли техник хизмат кўрсатишдан кейин уларнинг ишлаш муддати кўпинча 60 йилга, ҳатто 80 йилгача узайтирилади. Эски энергоблоклар хизмат муддатининг чегарасига яқинлашган сари, ишдан чиқадиган қувватларни алмаштириш, энерготизим барқарорлигини сақлаш ва декарбонизация бўйича узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун янги реакторлар зарур бўлади.

Ҳиндистон ва Россия иккинчи ўринни эгаллайди: ҳар икки мамлакатда 6 тадан реактор қурилмоқда. Ҳиндистондаги лойиҳалар умумий ҳисобда 5 200 мегаватт қувват беради — бу Россиядаги 4 200 мегаваттдан бироз юқори.

Кейин қурилиш кўлами анча пасаяди. Миср ва Туркияда 4 тадан реактор қурилмоқда, бошқа мамлакатларнинг аксариятида эса 1 ёки 2 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозир реактор қурилаётган мамлакатлар орасида атом энергетикасининг айрим анъанавий етакчилари йўқ. 2025 йил сентябри ҳолатига кўра, АҚШ, Франция ва Канадада қурилиш босқичида бўлган янги реакторлар мавжуд эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид