Жаҳон | 09:56
1564
3 дақиқада ўқилади

Писториус: Германия Эронга қарши урушда қатнашмайди

ГФР мудофаа вазири мамлакатнинг Эронга қарши урушда иштирокини истисно этди ва “чиқиш стратегияси” йўқлигини танқид қилди. Бундестагда Эронга берилган зарбаларнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига мослиги ҳақида баҳс авж олди.

Фото: Jakub Porzycki/Anadolu/IMAGO

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Германиянинг Эрон билан урушда иштирокини истисно этди ва можародан “чиқиш стратегияси” йўқлигидан хавотир билдирди. “Германия бу урушда қатнашмайди”, — деди у 4 март, чоршанба куни Бундестагда можарога бағишланган долзарб соат давомида. Парламентда, шунингдек, Эронга берилган зарбаларни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳолаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

“Германия можаро томони эмас”, — деди Писториус баҳс-мунозаралар чоғида. Унинг айтишича, бунинг ўрнига ГФР “кескинликни пасайтириш ва зўравонликнинг янада кенгайишини тийиш” учун қўлидан келган барча ишни қилади. Шу мақсадда у Исроил, АҚШ ва ЕИдаги ҳамкасблари билан алоқада эканини билдирди.

Вазир ҳарбий ҳаракатлар тўхтагандан кейинги давр учун аниқ режа кераклигини таъкидлади. “Тарих ўргатади: урушни бошлаш уни тугатишдан осонроқ”. “Бу дегани — аниқ чиқиш стратегияси зарур, мен эса ҳозир уни кўрмаяпман. Минтақадаги низоларни фақат ҳарбий куч билан ва якка тарзда ҳал этиш мумкин, деб ўйлаш — нотўғри”, — дея қўшимча қилди у.

Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ)нинг ташқи сиёсат бўйича эксперти Норберт Рёттген Эрондаги “муллаларнинг террористик режими” “энг юқори даражада заифлашган”, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, бу Эрон халқи учун “энг катта ютуқ” бўлиб, минтақада ва унинг ташқарисида хавфсизлик мустаҳкамланишини англатади.

Сўл партиянинг ҳамраиси Инес Швердтнер ГФР канцлери Фридрих Мерцни Эронга берилган зарбаларни “халқаро ҳуқуқни бузиш” деб атамаётгани учун танқид қилди. Унинг айтишича, халқаро ҳуқуқни “ўз хоҳишига кўра талқин қилиш”ни Мерц шахсан ҳал қилмайди. Швердтнер ташқи томондан режим алмашиши озодлик олиб келмаслигини, аксинча уруш оловини янада алангалатишини билдирди.

“Яшиллар” партиясининг ташқи сиёсат бўйича эксперти Омид Нурипур ички ишлар вазири Александер Добринддан Германияда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) фаолиятини тақиқлашни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, молия вазири Ларс Клингбайл Эрон раҳбарияти активларини музлатишга кўмаклашиши, прокуратура эса инсониятга қарши жиноятлар бўйича тергов қўзғатиш имкониятини кўриб чиқиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид