Иқтисодиёт | 19:30 / 06.03.2026
5604
5 дақиқада ўқилади

АҚШга Эрондаги уруш қанчага тушяпти?

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, Эронга ҳужумнинг дастлабки 100 соати давомида АҚШнинг ҳарбий харажатлари 3,7 млрд долларни ташкил этган. Бу кунига ўртача 891,4 млн долларга тенг. Фискал таҳлилчи Кент Сметтерс умумий иқтисодий зарар 210 млрд долларгача етиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Уруш давомийлиги ҳам Трамп айтгандек 4 ҳафта эмас, балки сентябргача чўзилиши мумкин. 

Фото: U.S. Navy photo via DVIDS

Ҳар қандай сиёсий зиддият, қуролли тўқнашув ва урушлар ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келиб, инсоният тараққиётининг бир неча йиллар ортда қолишига сабаб бўлади. Хусусан, АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ҳам ҳар икки томон учун жиддий молиявий зарар келтиряпти. Ҳали расмий маълумотлар эълон қилинмаган бўлса-да, америкалик таҳлилчилар ҳарбий ҳаракатларнинг мамлакат иқтисодиётига қанчага тушаётганини ҳисоблашни бошлади.

Уруш АҚШга қанчага тушяпти?

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, ҳарбий операциянинг дастлабки 100 соати давомида АҚШ 3,7 миллиард доллар сарфлаган. Бу кунига ўртача 891,4 миллион долларни ташкил этади. Муаммо фақат сумманинг катталигида эмас. Асосий масала бу харажатларнинг катта қисми давлат бюджетида кўзда тутилмаган. Тахминан 3,5 миллиард доллар бюджетдан ташқари харажатларга тўғри келади.

«АҚШ қўшинлари арзонроқ ўқ-дориларга ўта бошлагани ҳамда Эрон томонидан дрон ва ракета ҳужумлари кескин камайгани сабаб харажатлар пасайиши мумкин. Бироқ келажакдаги харажатлар асосан операциялар интенсивлиги ва Эроннинг жавоб зарбалари самарадорлигига боғлиқ бўлади», дея қайд этган CSIS экспертлари.

Мутахассислар дастлабки 100 соатдаги харажатларни учта асосий категория бўйича баҳолаган:

Операцион харажатлар – тахминан 196 миллион доллар. Шундан 178 миллион доллари бюджетдан, қолган қисми бюджетдан ташқари харажатлар;

Ўқ-дорилар захирасини тўлдириш – тахминан 3,1 миллиард доллар. Ушбу харажатларнинг бир центи ҳам бюджетда кўзда тутилмаган;

Жанговар йўқотишларни қоплаш ва инфратузилмани таъмирлаш – қарийб 350 миллион доллар. Бу ҳам бюджетда кўзда тутилмаган харажат.

АҚШ Мудофаа вазирлиги давом этаётган операциялар ҳақида жуда кам тафсилотларни ошкор қиляпти. Аввалги Яқин Шарқ кампанияларида ҳар куни зарбалар ҳақида ҳисобот берилган ёки мунтазам статистик маълумотлар эълон қилиб борилган. Айни пайтда Мудофаа вазирлиги кунлик операцияда қатнашаётган техника ва тахминий зарба нишонлари сонини тақдим этади, аммо батафсил тафсилотлар чекланган.

Умумий зарар 210 млрд долларга етиши мумкин

АҚШнинг Эрон билан уруши мамлакат иқтисодиётига 210 миллиард долларгача зарар етказиши мумкин. Бу ҳақда Penn Wharton Budget Model раҳбари, фискал таҳлилчи Кент Сметтерс маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳарбий можаро аллақачон халқаро савдо, глобал энергия бозорлари ва бензин нархларини беқарорлаштира бошлаган.

Айни пайтдаги ҳисоб-китобларга кўра, уруш АҚШ иқтисодиётига тахминан 115 миллиард доллар зарар етказиши прогноз қилиняпти. Аммо можаронинг давомийлиги ва кўламига қараб умумий йўқотишлар миқдори 50 миллиард доллардан 210 миллиард долларгача етиши мумкин.

Доналд Трамп ҳам уруш иқтисодиёт учун хавф туғдираётганини тан олган. У Форс кўрфазидаги муҳим ўтиш йўллари орқали ҳаракатланаётган энергия танкерлари учун ҳукумат томонидан кафолатланган суғурта ва ҳарбий-денгиз кузатувини таклиф қиляпти.

Иқтисодий йўқотишлардан ташқари, ҳарбий кампаниянинг ўзи яна 65 миллиард долларгача маблағ талаб қилиши мумкин.

Уруш қанча давом этади?

Иқтисодий зарар миқдори биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар қанча муддат давом этишига боғлиқ бўлади. Трамп ўз баёнотида уруш 4 ҳафта давом этиши мумкинлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бу вақт Эроннинг асосий ракета тизимлари ва ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш учун етарли бўлиши керак.

Оқ уй қисқа муддат ҳақида гапираётган бўлса-да, Politico нашрининг ички ҳужжатларга таяниб ёзишича, уруш узоқроқ вақтга чўзилиши мумкин. АҚШ Марказий қўмондонлиги Пентагондан Эронга қарши операцияларни камида 100 кун ва эҳтимол сентябргача қўллаб-қувватлаш учун Флорида штатидаги штаб-квартирасига қўшимча ҳарбий разведка ходимларини юборишни сўраган.

Шунингдек, Пентагон минтақага кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини юборишга ҳаракат қиляпти. Айниқса, сўнгги йилларда ишлаб чиқилган кичик ҳажмли ва нисбатан арзон дронларга қарши тизимлар жўнатилиши режалаштириляпти, деган Politico гаплашган АҚШ расмийси. Трамп жамоаси Эрондаги урушнинг кенг кўламли оқибатларини «тўлиқ олдиндан кўра олмаган». Нашр яна бир белги сифатида Яқин Шарқдан дипломатик ходимларни эвакуация қилиш учун қўшимча ресурслар ажратаётганини келтиради.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид