Жаҳон | 20:56 / 06.03.2026
8641
3 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ базаларидаги ҲҲМ тизимлари радарларига зарба беришга урғу қаратмоқда

CNN Американинг БАА ва Иорданиядаги ракетага қарши мудофаа тизимлари радарлари зарбага учрагани акс этган сунъий йўлдош тасвирларини намойиш этди.

Фото: Getty Images

Эрон Американинг Яқин Шарқ мамлакатларида жойлаштирилган THAAD ракетага қарши мудофаа тизимининг радар қурилмаларига зарба беришга ҳаракат қилмоқда. CNN маълумотларига кўра, Эроннинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Иорданиядаги АҚШ базаларига берган зарбалари оқибатларини қайд этган сунъий йўлдош тасвирлари асосида шундай хулоса чиқариш мумкин.

CNN томонидан ўтказилган таҳлил шуни кўрсатадики, Иорданиядаги Муваффақ Салти авиабазасидаги радар катта эҳтимол билан, урушнинг дастлабки кунларида – 1 ёки 2 март куни йўқ қилинган. Суратда бир неча зарба изларини кўриш мумкин. CNN’нинг қайд этишича, бундай радар нархи тахминан 500 миллион доллар туради.

Бундан ташқари, АҚШ ва Исроилнинг 28 феврал куни бошланган қўшма амалиётининг илк босқичида БААдаги икки ҳарбий объект зарбага учраган, Ар-Рувайс ва Ас-Cадрда ҳам THAAD қисмлари жойлаштирилган бўлиши мумкин.

Сунъий йўлдош тасвирларида шикастланган бинолар акс этган. Феврал ойи охирида ва мартнинг илк кунларида бу жойларда THAAD радарлари бўлгани аниқ эмас, аммо 2016 ва 2018 йилларда олинган сунъий йўлдош тасвирларида улар аниқ кўринган, дея қайд этади CNN. Телеканал Бирлашган Араб Амирликларининг АҚШдан харид қилинган ўз THAAD комплекслари ҳам бўлганини қайд этган.

Экспертларнинг ҳисоблашича, радар шикастланиши THAAD тизимини бутунлай ишдан чиқармайди, чунки у турли конфигурацияларда ишлаши мумкин, аммо бунда зарба унинг имкониятларини пасайтиради.

Ўқ-дорилар бўйича мутахассис ва Armament Research Services (ARES) тадқиқотчи компанияси директори Н.Р. Жензен-Жонс CNN билан суҳбатда бундай радарнинг ўрнини тўлдириш осон эмаслиги ва гап катта зарар ҳақида кетаётганини айтган.

Пентагон вакили CNN сўровига жавобан шундай деган: «Операциялар хавфсизлиги учун минтақадаги аниқ куч ва воситаларнинг мақомига изоҳ бера олмаймиз».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид