Жамият | 11:02
16300
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлиги ходими 100 минг доллар билан қўлга тушди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси йирик миқдордаги пул маблағини олган вақтида қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Маълум қилинишича, у Қарши шаҳрида фаолият юритувчи нуфузли нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятида филиалини очиш бўйича вазирлик томонидан лицензия бериш масаласини қисқа муддатда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига мазкур университет мансабдор шахсидан 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида вазирликнинг етакчи мутахассиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролар бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишлари мумкин. Мурожаат қилган шахснинг махфийлиги кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид