Соғлом ҳаёт | 11:40 / 06.03.2026
2576
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Миср гепатит C учун дори воситалари ишлаб чиқаради

Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Мисрнинг бир қатор фармацевтика компаниялари ўртасида гепатит C вирусига қарши дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликка келишилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Мисрнинг ACDIMA ва Dentafill Plus компаниялари вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Музокараларда икки давлат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий дори воситалари ишлаб чиқариш технологияларини трансфер қилиш ҳамда уларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳамкорликнинг биринчи босқичи сифатида Ўзбекистон бозори учун гепатит C вирусига қарши Daclatasvir ва Sofosbuvir препаратларини ишлаб чиқаришни бошлашга келишиб олди.

Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш технологияларини босқичма-босқич Ўзбекистонга ўтказиш, мисрлик мутахассисларни жалб этиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини мослаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, учрашувда мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини маҳаллийлаштириш имкониятлари ҳамда Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, мазкур ҳамкорлик миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, импортга қарамликни камайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид