Ўзбекистон | 11:15
844
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сел хавфи эълон қилинди

7 ва 9–10 март кунлари кутилaётган ёмғирлар сабаб Ўзбекистоннинг қатор тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида тезкор гидрометеорологик огоҳлантириш берилди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, сел хавфи Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида кузатилиши мумкин.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музработ туманларида ҳам сел-сув тошқинлари эҳтимоли бор.

Самарқанд вилоятида Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Паяриқ, Жомбой ва Иштихон туманларида, Навоий вилоятида эса Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманларида шундай хавф мавжуд.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманларида ҳам сел келиши мумкин.

Тошкент вилоятида Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятида Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида ҳам сел хавфи қайд этилган.

Фарғона вилоятида Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманларида, Андижон вилоятида эса Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод ва Марҳамат туманлари ҳамда Хонабод шаҳрида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Мутахассислар тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирмоқда.

Шунингдек, республиканинг айрим ҳудудларида кучли ёмғирлар натижасида ёмғир сувлари тўпланиши ва айрим жойларни сув босиши эҳтимоли борлиги ҳам таъкидланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид