Ўзбекистон | 10:02 / 06.03.2026
2885
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги халқаро аэропорт ва замонавий автомагистраллар барпо этилади

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди. Унда янги автомагистраллар қурилиши ва Тошкентда янги халқаро аэропорт барпо этиш режалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда Тошкент – Самарқанд йўналишида янги замонавий автомагистрал қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Режага кўра, йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Шундан 140 километрлик участкаларда тупроқни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади. Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 91 та кўприк ва 16 та йўл ўтказгич қурилиши кўзда тутилган.

Беш йил давомида қурилиши режалаштирилаётган мазкур йўл Ia тоифали, яъни автомобил йўлларининг энг юқори техник ва хавфсизлик стандартларига жавоб берадиган магистрал бўлади. Унда ҳар бири 3,75 метр кенгликдаги цемент-бетон қопламали олтита ҳаракат тасмаси барпо этилади. Йўлнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 километр этиб белгиланади.

Шунингдек, Тошкент – Ангрен – Қамчиқ довони йўналишида 171 километрлик муқобил автомобил йўли барпо этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Ушбу йўлда 33 километрлик туннеллар ҳамда бир қатор йирик муҳандислик иншоотларининг қурилиши режалаштирилган.

Давлат раҳбарига мазкур йирик лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақида ахборот берилди.

Автомагистралларни лойиҳалашда замонавий транспорт муҳандислиги ечимларидан фойдаланиш, интеллектуал бошқарув ва мониторинг тизимларини жорий этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тақдимотда Тошкент – Чорвоқ ва Урганч – Хива йўлларини қуриш лойиҳаларининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шунингдек, Тошкентда янги халқаро аэропорт қуриш лойиҳасининг асосий параметрлари кўриб чиқилди. Биринчи босқичда 208,4 минг квадрат метрлик йўловчи терминали, узунлиги 4 километрдан бўлган иккита учиш-қўниш йўлагини барпо этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, йилига 20 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш, соатига 30 та қўниш ва учишни таъминлайдиган инфратузилмани яратиш ҳамда 169 та ҳаво кемаси учун автотураргоҳ ташкил этиш кўзда тутилган.

Айни пайтда бўлажак аэропорт ҳудудида олиб борилаётган лойиҳа-қидирув ишлари ва келгуси босқичлар ҳақида ахборот берилди.

Президент мутасаддиларга лойиҳаларни техник ва иқтисодий жиҳатдан пухта тайёрлаш, қурилиш ишларини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда транспорт инфратузилмасининг узоқ муддат барқарор ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид