Ўзбекистон | 10:58
2330
2 дақиқада ўқилади

Ангрендаги фожиа ортидан: дайди итларга қарши чоралар кучайтирилди

Ангренда юз берган аянчли ҳодиса — мактаб ўқувчисининг дайди ит ҳужуми оқибатида вафот этиши ортидан масъул ташкилотлар томонидан шошилинч чора-тадбирлар бошланди. Ҳозирда ҳудудда дайди ҳайвонларни тутиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ишлари кучайтирилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда шаҳар ва вилоят ҳудудида дайди ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ҳамда белгиланган махсус жойларда сақлаш ишлари кучайтирилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўқувчи болага ҳужум қилган ит Ангрен шаҳар ободонлаштириш бўлими дайди ҳайвонларни тутиш гуруҳи томонидан ушланди. Итга нисбатан тегишли тартибда акт тузилиб, махсус сақлаш жойига олиб борилган.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирокида ўтказилган шошилинч муҳокамада ободонлаштириш хизмати, ветеринария бўлими, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ҳамда бошқа мутасадди идораларга тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусан, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, дайди ҳайвонларни тутиш ва зарарсизлантириш ҳамда келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар кучайтирилмоқда.

Маълум қилинишича, мазкур масала алоҳида назоратга олинган бўлиб, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш борасида барча зарур чоралар кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид