Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италияда қишки Паралимпия ўйинлари расман очилди
Россия ва Беларус спортчиларига қишки Паралимпиадада ўз миллий байроқлари остида қатнашишига рухсат берилгани сабабли, Украина, Чехия, Эстония, Финландия, Латвия, Литва ва Полша ўйинларнинг очилиш маросимини бойкот қилди. Германия терма жамоаси эса спортчилар парадида иштирок этмади.
Италияда 6 март, жума куни XIV қишки Паралимпия ўйинлари расман бошланди. Қишки Олимпиада тугаганидан 12 кун ўтиб, Веронанинг қадимий амфитеатрида мамлакат президенти Сержо Маттарелла маҳаллий вақт билан соат 21:19 да ўйинларни очиқ деб эълон қилди. Олимпия машъаласи яна бир вақтнинг ўзида икки жойда — Миландаги Тинчлик аркаси ёнида ва Кортина-д’Ампеццодаги Дибона майдонида ёқилди.
Украина, Чехия, Эстония, Финландия, Латвия, Литва ва Полша қишки Паралимпиаданинг очилиш маросимини бойкот қилди, чунки Россия ва Беларус спортчилари мусобақага нейтрал мақомда эмас, балки ўз давлатларининг миллий байроқлари остида қўйилди. 2026 йилги қишки Олимпиадада эса улар нейтрал спортчилар мақомида қатнашган эди. Россиялик спортчилар ўтиб кетаётганда томошабинлар уларни норозилик билан қарши олди. Маросимда 2014 йилдан бери биринчи марта Россия байроғи олиб чиқилди, уни италиялик волонтёр кўтариб борди.
Бир қатор давлатлар, жумладан Германия, Франция, Буюк Британия ва Канада терма жамоалари спортчилар парадида қатнашмади, буни спортга оид сабаблар билан изоҳлади. Масалан, Германиянинг имконияти чекланган спортчилар уюшмаси (DBS) олдиндаги мусобақаларга диққатни жамлаш зарурлигини айтди, шу билан бирга украиналиклар билан ҳамжиҳатлик билдирди. Германиядан Паралимпиадага 40 нафар спортчи ва 8 нафар ҳамроҳ шахс келди — бу қишки Паралимпия ўйинлари тарихидаги Германиянинг сони жиҳатидан иккинчи энг катта делегациясидир. Германия спортчилари фақат кёрлингда қатнашмайди.
17 феврал куни Халқаро паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус спортчилари 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццода бўлиб ўтадиган Қишки паралимпия ўйинларида ўз мамлакатлари байроқлари остида қатнашиши мумкинлигини маълум қилди. Паралимпиадага икки томонлама таклифномалар олти нафар россиялик ва тўрт нафар беларуслик спортчига берилди.
2025 йил сентябрида Халқаро паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус миллий қўмиталари аъзолигини тиклади. Бу аъзолик Украинадаги кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг тўхтатиб қўйилган эди. Расман олганда, бу қарор ушбу мамлакатлар спортчиларига Италиядаги ўйинларда ўз миллий байроқлари остида иштирок этиш имконини берар эди. Аммо якуний рухсат тегишли спорт турлари бўйича халқаро федерацияларга боғлиқ бўлиб қолган.
Декабр ойида Спорт арбитраж суди (CAS) Россия ва Беларус спортчиларининг Халқаро чанғи спорти ва сноуборд федерацияси (FIS) уларни халқаро мусобақаларга қўймаслик ҳақидаги қарорига қарши берган апелляцияларини қисман қаноатлантирди. Натижада, паралимпиячи спортчилар FIS мусобақаларида нейтрал мақомсиз ва миллий рамзлар билан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шундан сўнг Россия ва Беларус паралимпиячилари танаффусдан кейин биринчи марта халқаро мусобақаларда ўз мамлакатлари байроқлари остида қатнашиш имконига эга бўлди. Бу имконияти чекланган спортчилар ўртасидаги чанғи пойгалари бўйича Жаҳон кубогининг босқичи бўлиб, у январ ойида Германиянинг Финстерау шаҳрида ўтказилган эди.
Мавзуга оид
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
10:10 / 18.06.2026
Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
22:05 / 29.05.2026