Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳонда суперкомпютерлар: қайси давлатлар етакчи?
Бугунги кунда суперкомпютерлар ҳамма жойда қўлланмоқда — об-ҳавони прогноз қилишдан ва ўта мураккаб симуляцияларни ўтказишдан тортиб, сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда мудофаа вазифаларини ҳал этишгача.
Фото: Pinterest
Мамлакатда бундай машиналар сони унинг технологик ва иқтисодий салоҳияти кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади, шунингдек, илғор илмий тадқиқотлар соҳасидаги устувор йўналишларни ҳам акс эттиради.
Янги инфографика 2025 йил ноябр ҳолатига кўра топ-500 рўйхати маълумотларига асосланган бўлиб, давлатларни ўрнатилган суперкомпютерлар сони бўйича саралайди.
АҚШ 171 та тизим билан рейтингда ишончли равишда етакчилик қилмоқда. Бу иккинчи ўринни эгаллаган Японияга нисбатан тўрт баравар кўп бўлиб, у ерда 43 та суперкомпютер мавжуд. Кейинги ўринларда Хитой ва Германия жойлашган — ҳар икки мамлакатда ҳам 40 тадан тизим бор.
Тақсимот етакчилар томонга яққол “оғишган”: илк уч мамлакат ҳиссасига қолган 43 та давлатнинг барчаси жамига тўғри келадиган суперкомпютерлар сонидан ҳам кўпроқ тизим тўғри келади. Жами ҳисобда 26 та мамлакат бешта ёки ундан кам тизимга эга, 11 та мамлакатда эса атиги биттадан суперкомпютер бор.
Қизиғи шундаки, ҳудуди жиҳатидан кичик мамлакатлар ҳам ҳар доим ортда қолавермайди. Масалан, Сингапурда бешта суперкомпютер бор — бу Россия ва Ҳиндистондаги сон билан бир хил. Яқинда Сингапур ҳукумати Янги суперкомпютер марказини ишга туширди ва шу орқали Жануби-Шарқий Осиёда сунъий интеллект соҳасида етакчига айланишни мақсад қилган.
Сунъий интеллект ривожланиши билан суперкомпютерларга бўлган талаб жадал ўсмоқда, чунки уни ўқитиш ва ишлатиш улкан ҳисоблаш ресурсларини талаб қилади — бу ресурсларни оддий компютерлар имкониятлари билан солиштириб бўлмайди.
Суперкомпютерлар турлича бўлиши мумкин, аммо умуман олганда, уларнинг барчаси улкан ва мураккаб маълумотлар массивларини ўта тез қайта ишлаш учун мўлжалланган. Шу туфайли улар соғлиқни сақлаш, иқлимшунослик ва материалшунослик каби соҳаларда қарор қабул қилишга ёрдам беради. Айнан шунинг учун ҳам суперкомпютерлар кўпинча замонавий даврнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш калити деб аталади.
Шимолий Европа мамлакатлари ҳамкорлик йўлини танлаб, ўз ҳисоблаш ресурсларидан ўзаро фойдаланиш имконини яратган. Бу эса “илмий устунликни қўллаб-қувватлаш” ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашиш учун хизмат қилмоқда.
Масалан, Финландияда жойлашган ва дунёдаги энг қудратли суперкомпютерлар ўнталигига кирувчи (тўққизинчи ўрин) LUMI суперкомпютери дастлаб халқаро лойиҳа сифатида яратилган. Уни Шимолий Европа давлатлари ва Эстонияни ҳам ўз ичига олган ўн мамлакат консорциуми бошқаради. Лойиҳанинг мақсади — ресурслардан биргаликда фойдаланиш ва тадқиқотчиларнинг илғор ҳисоблаш қувватлари имкониятларини кенгайтириш.
Европада эса Европа Иттифоқи кўмагида суперкомпютерларда самарали ишлайдиган янги сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқишга йўналтирилган RAISE маркази ташкил этилган. Шу билан бир пайтда, АҚШ сунъий интеллект соҳасидаги компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириб, миллий лабораторияларни тобора қудратлироқ ҳисоблаш кластерлари билан жиҳозламоқда.
Мавзуга оид
13:15 / 05.12.2025
Президент суперкомпютер кластерлари ва дата-марказлар сони оширилишини маълум қилди
16:57 / 06.10.2025
Ўзбекистонда сунъий интеллектни қўллаш учун суперкомпютер кластери ташкил этилади
19:12 / 15.07.2025
Ўзбекистонга янги суперкомпютер олиб келинади
17:45 / 19.05.2025