Ўзбекистон | 13:15
251
2 дақиқада ўқилади

Президент суперкомпютер кластерлари ва дата-марказлар сони оширилишини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев энергетика ва иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланган тадбирда яқин йилларга мўлжалланган йирик инвестиция ва инфратузилма режалари ҳақида маълумот бериб, замонавий рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун суперкомпютер кластерлари ва дата-марказлар сони оширилишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб этиш режалаштирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектлари барпо этилиб, юқори даромадли янги иш ўринлари яратилади.

Аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш доирасида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар қурилиши кўзда тутилгани қайд этилди. Бу нафақат янги турар жойлар, балки замонавий инфратузилма, ижтимоий объектлар ва хизматлар ривожини ҳам таъминлайди.

Шу билан бирга, ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” (IoT) каби янги йўналишларда фаолият юритаётган компаниялар учун жозибадор муҳит яратиш мақсадида замонавий суперкомпютер кластерлари ва дата-марказлар сонини кўпайтириш вазифаси қўйилди. Бу рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат, ишлаб чиқаришда рақамлаштириш ва инновацион сервисларни жадал ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Айни пайтда Саудия Арабистонининг “Дата-волт” компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобидан қуввати 500 мегаватт бўлган йирик дата-марказ қуриш ишларини бошлагани маълум қилинди. Бундай кенг кўламли рақамли инфратузилма лойиҳалари юртимиздаги IT-тармоқ, аутсорсинг хизматлари, маълумотлар сақлаш ва қайта ишлаш марказларини ривожлантириш учун катта имкониятлар яратади.

Президент таъкидлаганидек, бундай саноат, уй-жой ва рақамли инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёж камида 1,5 баробарга ошади. Шу боис, энергетика қувватларини янада кенгайтириш, “яшил” энергия улушини кўпайтириш ва тармоқларни модернизация қилиш бўйича режалар изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид