Жаҳон | 09:23
3658
2 дақиқада ўқилади

CNN: АҚШ разведкаси Хитой Эронга ёрдам бермоқчи деб ҳисобламоқда

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, катта эҳтимол билан, Хитой Эронга молиявий ёрдам кўрсатишни, шунингдек, ракеталар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмларни етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда CNN вазиятдан хабардор бўлган манбасига асосланиб хабар тарқатди

«Хитой қўллаб-қувватлаш масаласида эҳтиёткорроқ. Улар уруш тугашини исташади, чунки бу уларнинг энергия таъминотига таҳдид солади», – деган телеканал суҳбатдошларидан бири. 

The Washington Post манбаларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги яқин алоқаларга қарамай, Хитой ҳозирча Эронга ёрдам бермаяпти.

Reuters 5 март куни Хитой Эрон билан нефт танкерлари ҳамда Қатарнинг суюлтирилган гази юкланган кемалар Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтишини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бораётгани тўғрисида хабар берганди. Агентлик манбаларининг сўзларига кўра, ўз нефт импортининг 45 фоизга яқин қисмини ушбу бўғоз орқали амалга оширадиган Пекин Теҳрондан танкерлар учун хавфсиз йўлни талаб қилмоқда.

Аввалроқ The Washington Post газетаси Россия Эронга Американинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги ҳарбий объектлари тўғрисида маълумот тақдим этгани ҳақида хабар тарқатганди. Нашр манбаларига кўра, Россия томонидан етказилган маълумотлар Америка кемалари ва самолётлари тўғрисидаги маъумотларни ҳам ўз ичига олади. Ҳозирги босқичда Россия ёрдами кўлами охиригача аниқ эмас.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид