Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўрфаз олов ичида – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 8 март, якшанба. Ортда қолаётган ҳафтамиз Америка Яқин Шарқда бошлаган навбатдаги қонли уруш билан ёдда қолди. Исроил ва Америка бомбалаётганига қарамай, Эрон қулагани йўқ. Теҳрон араб давлатларини хавфли ҳудудга айлантиришда давом этмоқда. Америка Яқин Шарқни Эрон дронларидан ҳимоя қилиш учун Украинадан ёрдам сўради. Ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим мавзуларини биргаликда эслаймиз.
Уруш давом этмоқда
Ҳафта давомида Америка ва Исроил бошлаган Эронга қарши уруш давом этди. Теҳрон уч кунда қуламади, тезкор ҳарбий мақсадга эришиш содир бўлмади. Эрон 40 йиллик раҳбари ўлганидан кейин ҳам оёқда туриб курашяпти. Ўзи уруш очиб, уни қисқа муддатда тугатиш билан мақтаниш ҳозирги ҳарбий державалар учун одатга айланди.
Америка узоқ муддатли уруш учун режа тузмагани кўриниб турибди. Уларнинг мақсади катта эҳтимол Али Хоминаийни ўлдириш билан кифояланган. У ўлгач раҳбарият ўзгариши, тузум қулашини тахмин қилишган. Лекин Эрондаги бошқарув тизими улар тахмин қилганидек марказлашган диктатура кўринишида бўлиб чиқмади. Мадурони олишгач, Венесуэла «қулаганди», Асад ағдарилгач, Сурия «қулади», лекин Эрон бутунлай бошқача давлат эканини унутишди. Қайтага Эрон аввалгидан ҳам яхшироқ курашмоқда. Одамлар Трампнинг чорловига қарамай, кўчага чиқиб ҳокимиятни қўлига олгани йўқ.
Араб давлатлари энди хавфли
Эрон урушнинг илк кунларидаёқ Америка ва Исроил ҳужумига жавобан араб давлатларини ўққа тутишни бошлаганди. Сабаб оддий, араб давлатларида Американинг ҳарбий базалари бор. Теҳрон учун асосий нишон Дубай бўлди. Араб оламининг сайёҳлар учун энг машҳур шаҳри айнан Дубай. Эроннинг ҳужумларидан кейин Дубай шарпалар шаҳрига айланиб қолди, кўчалар бўш, аэропортлар ҳувиллаб қолган, одамлар Дубайдан қочиш умидида. Бир неча кун ичида Эрон дунёдаги сайёҳлар энг серқатнов шаҳар бўлган Дубайни дунёдаги энг хавфли шаҳарлардан бирига айлантириб қўйди.
Америка ва Исроил бошлаган уруш сабаб энди Эрон ва араб давлатларининг муносабатлари аввалгидек бўлмаслиги аниқ. Форс давлати араб давлатларга нафратини очиқчасига намойиш қилмоқда, бу нафрат анчадан бери юзага чиқмаётганди. Энди кўрфаз асло аввалгидек бўлмайди, уруш кўп нарсани ўзгартириб юборди.
Америка Украинадан ёрдам сўради
Уруш инсонга шундай сабоқ берадики, у беихтиёр доно ихтирочига, муваффақиятли стратегга айланиб қолади. 2022 йил февралдаги воқеаларни эсланг, Украина қўшниси Россия босқинига дош бериш учун Америкадан, Европа давлатларидан қурол сўраб юрганди, чунки ўша пайтда бир неча минг кишилик армияга эга бўлган, СССР давридан қолган қуролларга қараб қолган Украина қўшнисига қаршилик қилиши қийин эди. Лекин урушнинг бешинчи йилига келиб Америка деган дунёдаги энг қудратли давлат Украинадан Эрон дронларига қарши курашда ёрдам сўраб ўтирибди. Қойилмисиз?
Россия шунақа кўп Shahed дронлари учирдики, украинлар уларни тутиш бўйича мутахассисга айланиб кетди. Ахир яшаш керак, Трампнинг қош-қовоғига қараб ўтирса, бугун мамлакат вайронага айланади. Бугун Украина мактабларида болаларга дрон учириш ўргатилмоқда, украинлар Эрон дронларини бошқа арзон дрон билан уришни ҳам ўрганишди.
Шу сабаб америкаликлар Яқин Шарқдаги давлатларни ҳимоя қилиш учун Украинадан Shahedʼлар бўйича ёрдам сўраган. Арабларда қурол кўп, пул ҳам кўп, лекин пастлаб учадиган камикадзе дронларни қиммат ракеталар билан уриб бўлмайди. Бундан ташқари, араблар томи устига чиқиб дронни милтиқда отиб ўтирмайди, америкаликларга алоқага чиқишади, тамом.
Буни қарангки, қимматбаҳо қуролларга зўр берган ўша америкаликлар ҳам арзон-гаров урушга тайёр эмаскан, бунинг устаси бўлиб кетган украинлардан ёрдам сўрашди. Бу келишув амалга ошиб, украинлар Яқин Шарқни Эрон дронларидан ҳимоя қила олса, кейинчалик Америкадан ёрдам олишга умид қилиши мумкин.
«ВСУга Орбаннинг манзилини бераман»
Ҳафта давомида Украина ва Можаристон ўртасида навбатдаги тортишув авж олди. Украинанинг ён қўшниси бўлган Можаристон Европа Иттифоқига аъзо ва иттифоқнинг Украинага ажратган 90 миллиард евролик ёрдамини тўсиб турибди. Чунки Можаристон бош вазири Виктор Орбан уруш бошлангач, Россия манфаатларига ишлаётганини ҳамма билиб бўлди.
«Умид қиламан, Европа Иттифоқидаги бир одам 90 миллиардлик ёрдамга тўсқинлик қилмайди ва украин ҳарбийларида қурол бўлади. Акс ҳолда ўша бир одамнинг манзилини қуролли кучларимизга бераман. Улар қўнғироқ қилиб ўша одам тушунадиган тилда гаплашишсин», деди Зеленский Орбанга ишора қилиб.
Мактабга ҳужум
Эроннинг Миноб шаҳрида жойлашган мактабга зарба урушнинг қонли рамзига айлангани ҳақида айтгандик. Америка нашрлари ва ҳарбий таҳлилчиларнинг баёнотларига қараганда, бу мактабга америкалик ҳарбийлар ҳужум қилганига шубҳа қолмади. Reutersʼнинг ёзишича, мактабга катта эҳтимол айнан Америка ҳарбийлари зарба берган. NYT мактабга ҳужум унинг ёнидаги ҳарбий объектга ҳужум билан бир вақтга тўғри келганига эътибор қаратди.
Мактабга ҳужум сабаб камида 175 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксари мактаб ўқувчилари. Америка томони ҳолат суриштирилаётгани ҳақида айтиб, фуқаролик объектига зарба берганини рад этмоқда. Лекин Вашингтон ҳамон ҳеч қандай исбот келтирмаганига қараганда, мактабга айнан улар зарба берган.
Эрон томони 7 март куни америкаликларнинг БААдаги Ал Дарфа ҳарбий базасига зарба берди. Эронликларга кўра, Америка айнан шу базадан туриб Минобдаги мактабга зарба йўллаган. Эрон бош штаби расмийси берган ахборотга кўра, бу базага берилган зарба сабаб ўлган ва яраланган америкалик ҳарбийлар сони 200 нафардан ошади. Айнан шу базага зарбалар ҳақида хабарлар фонида Доналд Трамп «Эронга жуда кучли зарба берилиши» ҳақида айтди. Бу эса америкаликлар орасида қурбонлар сони чиндан кўп бўлганини билдириши мумкин.
«Биз дунёни қутқаряпмиз»
Ҳафта иқтибоси Бинямин Нетаняҳу оғзидан янгради. Исроил бош вазири дунёни хаос ҳолатига туширган навбатдаги урушнинг старт тугмасини босган икки одамдан бири. Исроилдаги Эрон ракетаси тушган жойдан туриб журналистлар саволларига жавоб берган Нетаняҳу қизиқ гап айтди. Унинг сўзларига кўра, Трамп иккаласи дунёни қутқараётган экан.
«Эрон ядро қуролига эга бўлса, бутун дунёга хавф солган бўларди. Бизга қўшилган дўстим, дунё етакчиси Доналд Трампга раҳмат айтаман. Биз биргаликда дунёни қутқаряпмиз», деди Нетаняҳу. Исроил бош вазири бу гапини ҳеч қандай истеҳзосиз жиддий оҳангда гапирди. Аниғи шуки, Трамп ва Нетаняҳу «дунёни қутқариш» операцияси бошлашидан аввал дунё анча тинч эди. Ҳозир эса бутун дунёда қўрқув, уруш шарпаси кезиб юрибди.
«Уларни кутяпмиз»
Ҳафта давомида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Америка телеканалига интервю берди. Қойил қолиш керак, Эрон бош дипломати онлайн бўлса ҳам Америка телеканалига интервю бериб, суҳбат давомида бирор марта сўкинмади, жаҳл ҳам қилмади. Таққослаш учун, Америка бош дипломати Марко Рубио, айтайлик, Эроннинг Tasnim агентлигига интервю бергани йўқ.
Журналист суҳбат давомида Аббос Ароқчидан «давлатингиз америкалик ҳарбийлар бостириб киришида қўрқмайдими?» деб сўради. «Йўқ, аксинча, биз уларни кутямиз», деб жавоб берди Эрон бош дипломати. Бу жуда кучли чорлов бўлди.
Албатта, бировнинг давлатига бостириб кириш яхши эмас. Лекин атрофдаги давлатларни ҳам хавф остида қолдириб, узоқдан ракета отиб қочгандан кўра, ерда, юзма-юз жанг қилган анча мардлик бўлармиди. Лекин менимча, америкаликлар бунга журъат қилмайди. Ахир уларнинг жуда кўп қуроли, сон-саноқсиз самолётлари бор. Эронга кириб жанг қилиш Мадурони вертолётда олиб қочиш эмас. Бир кишини ўлдириш билан иш битса, Эрон аллақачон қулаган бўларди.
Хуллас, Америка ҳеч қачон бошланмаслиги керак бўлган урушни бошлаб қўйди. Энди уни қандай тугатишни билмаётганга ўхшайди, худди Европа шарқидаги бир давлат каби.
Мавзуга оид
18:58 / 01.03.2026
Америка Эронда уруш бошлади — ҳафта дайжести
19:50 / 22.02.2026
АҚШ урушга тайёр, Путин кўпроқ туғилиш истамоқда – ҳафта дайжести
01:00 / 16.02.2026
Адам «тирилди», Ким меросхўр танлади, Ғазога футбол қайтди – ҳафта дайжести
00:03 / 09.02.2026