Жаҳон | 13:12
5013
2 дақиқада ўқилади

Баҳрайндаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилди 

Bapco давлат компанияси етказиб беришда форс-мажор ҳолатини эълон қилган – бу фавқулодда ҳолат туфайли компания томонидан энергия ресурслари етказиб берилиши тўхтатилишини англатади.

Фото: Reuters

Баҳрайндаги энг йирик энергетика компанияси саналган Bahrain Petroleum Company (Bapco) давлат компанияси 9 март куни форс-мажор ҳолати туфайли нефт маҳсулотларини етказиб беришни тўхтатди. Reuters агентлиги хабарига кўра, бунга Ал-Мамирдаги нефтни қайта ишлаш заводида рўй берган кучли ёнғин сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда ёнғин туфайли ушбу завод устида тутун устуни кўтарилганини кўриш мумкин.

Bapco баёнотида компания фаолиятига «Яқин Шарқда давом этаётган минтақавий можаро ва унинг нефтни қайта ишлаш мажмуасига яқинда қилинган ҳужум таъсир кўрсатгани» қайд этилган. Мамлакат ичкарисидаги истеъмолчилар эҳтиёжи қондирилиши таъкидланган.

Маҳаллий нашрларга кўра, ёнғин оқибатида жабрланганлар йўқ, етказилган зарар миқдори аниқлаштирилмоқда. Маҳаллий расмийлар ёнғинга Эроннинг навбатдаги зарбаси сабаб бўлганини маълум қилишган.

Ўтган ҳафтада Қатардаги QatarEnergy давлат компанияси ҳам форс-мажор ҳолатини эълон қилганди (бу юридик процедура фавқулодда ҳолатлар фонида компанияни шартнома мажбуриятларидан озод қилиши мумкин). Бу ҳолат ҳам компаниянинг ишлаб чиқариш объектларига зарбалар туфайли рўй берганди. Қатар энергетика вазирлиги кейинроқ АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушни тўхтатмайдиган бўлса, Форс кўрфази мамлакатлари яқин орада энергетика ресурслари экспортини тўхтатиши мумкинлигини маълум қилганди.

  • АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эронга қарши уруш бошлаган, Эрон эса бунга жавобан Яқин Шарқ мамлакатларига ракета ва дронлар билан зарба беришга киришганди. Эрон ҳарбийлари Американинг минтақадаги ҳарбий базаларини ҳам, инфрутазилма объектларини ҳам, жумладан, ёқилғи-энергетика комплекслари объектларини ҳам ўққа тутмоқда. Бундай зарбалар туфайл, шунингдек, Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиши ортидан (бу дунёда нефт ташиладиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади) нархлар кескин кўтарилди. 9 март куни Осиё биржаларида бир баррел нефт нархи 120 долларга яқинлашган – бунақаси 2022 йилдан буён кузатилмаганди.
     
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид