Ўзбекистон | 13:42
7119
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирига бориб ҳаво исиши кутилмоқда

Пайшанба куни кундузи совуқ ҳаво массаси республика ҳудудидан чекина бошлайди.

Фото: Kun.uz

12 март куни кечаси совуқ сақланиб туради, кундузи эса совуқ ҳаво массаси республика ҳудудидан чекина бошлайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Сешанба куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши давом этмоқда.

Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 0…+3 даража, шимолда –2…–5 даража атрофида бўлади.

Чоршанба куни ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик кузатилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси –1…–3 даражагача, баъзи жойларда 0…–5 даражагача пасаяди, кундуз куни эса 0…+5 даража атрофида бўлади. Республика шимолида ҳарорат кечаси –7…–10, кундузи 0…+5 даража бўлади.

Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучаяди, Фарғона водийси вилоятларида баъзида 22–25 метр/сониягача кучайиши мумкин. 10–11 март кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тоғларда қор кўчиши хавфи бор.

Пайшанба куни кундузи совуқ ҳаво массаси республика ҳудудидан чекина бошлайди. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтаси охирига бориб кундуз кунлари ҳаво +10…+15 даражагача исийди.

Ушбу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Тошкент шаҳрида сешанба куни кундузи вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат +2…+4 даража бўлади.

Кечаси бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси –1…–3 даража, кундузи +2…+4 даража бўлади.

12–13 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 0…–2 даража бўлади, кундузи аста-секин +11…+13 даражагача кўтарилади. Шамол шимоли-шарқдан бироздан ўртача тезликкача эсади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид