Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
Ўзбекистонда биофармацевтика соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш мақсадида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
Президентнинг “Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мазкур институт бир нечта илмий муассасалар негизида шакллантирилади.
Хусусан, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳамда “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтлари негизида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга айрим енгилликлар ҳам жорий этилади. Жумладан, солиқлар ва йиғимлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача қарздорлиги бўлган корхоналарга давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади. Агар қарздорлик ушбу миқдордан юқори бўлса, у шаклланган кундан бошлаб 10 кун ичида давлат харидларида қатнашиш имконияти сақланиб қолади.
Шунингдек, 2028 йил 1 январдан биологик фаол қўшимчалар соҳасида қатор янги талаблар жорий этилади. Хусусан, уларга рухсатнома беришда Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизимини жорий этганлик талаби қўйилади ҳамда мазкур маҳсулотлар мажбурий рақамли маркировкалашдан ўтказилади.
Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар фармацевтика тармоғида илмий салоҳиятни кучайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва биофармацевтика соҳасида инновацион ишланмаларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Мавзуга оид
18:49 / 24.01.2026
Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади
10:23 / 24.10.2025
Медиация институтини такомиллаштириш бошланяпти
14:25 / 22.10.2025
Тошкентда Сейсмик хавфсизлик ва барқарор қурилиш институти ташкил этилади
13:33 / 08.10.2025