Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕЧЛда плей-офф жуфтликлари. Кимда қандай имконият?
Бугун Европа Чемпионлар Лигасида нимчорак финал учрашувлари старт олади. Қуръа яна «Реал» ва «Манчестер Сити»ни плей-оффда тўқнаштирган, «ПСЖ»да «Челси»дан ўтган ёздаги мағлубият учун қасос олиш имкони юзага келган. Бундан ташқари, «Ливерпул» яна Истанбулга, «Барса» яна Нюкаслга сафар қилади.
Фото: Getty Images
10 март куни Чемпионлар лигаси 1/8 финалида дастлабки учрашувлар бўлиб ўтади. Турнирнинг янги форматида ҳам бу босқичдан олдинги тартиб сақланиб қолган: 16 жамоа, ҳар бир босқичда иккитадан ўйин, ҳеч қандай сафардаги гол қоидаси йўқ. Қуйида саккизта жуфтликнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари чамалаб кўрилади.
«Галатасарой» – «ЛИВЕРПУЛ» (10 март, 22:45. Zo‘r TV)
Имкониятлар: 35 фоизга – 65 фоиз
Стадионлардаги муҳит, аура бўйича энг зўр жуфтлик деб аташ мумкин. «Рамс Парк» ҳам, «Энфилд» ҳам мухлисларнинг перформанси бўйича Европада энг яхшиларидан саналади. Мерсисайдликлар учун қуръадан олдинги эҳтимолий рақиблар орасида айнан «Галатасарой» нисбатан осонроқ рақиб сифатида кўрилган бўлиши мумкин, аммо айнан Истанбулда одатда мезбонларни енгиш жуда қийин. Дастлабки ўйин Туркияда бўлиши эътиборга олинса, Окан Бурук шогирдлари биринчи ўйинда керакли натижага эришиб, жавоб ўйинида шу устунликни сақлашга ҳаракат қилиб ўйнаши мумкин. Зеро «Галатасарой» таркибидаги футболчиларни «Энфилд» билан қўрқитиб бўлмайди – Санчес, Гундўған, Торрейра, Ламина, Сане каби футболчилар АПЛ футболида етарлича тажриба тўплаб улгуришган.
Жамоалар Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келганди. «Галатасарой» ўз майдонида 1:0 ҳисобида устун келган, ягона голни Виктор Осимҳен пеналтидан урганди. Аммо бу ўйин Слот жамоасидаги инқироз даврига тўғри келганди, бугунги «Ливерпул» эса нисбатан анча тартибга келиб қолди. Шу билан бирга, «Ливерпул» ҳали «Галатасарой»га қарши сафар ўйинларида ғалаба қозонмаган. 2001/02 йиллар мавсумида Истанбулда 1:1 ҳисоби қайд этилган ва фақат сафардаги гол қоидаси бўйича инглизлар кейинги босқичга чиқишганди. 2006/07 йиллар мавсумида эса жамоалар гуруҳда дуч келиб, ҳар икки ўйин 3:2 ҳисобида мезбон жамоа фойдасига ҳал бўлган.
«Нюкасл» – «БАРСЕЛОНА» (11 мартга ўтар кечаси, 01:00. Zo‘r TV)
Имкониятлар: 45 га – 55
Ушбу жамоалар ҳам кузда, гуруҳ босқичи доирасида учрашганди. Англияда бўлиб ўтган ўйинни Эдди Ҳау шогирдлари ўта фаол бошлашган, бир қатор вазиятлар яратиб, рақибни қийин аҳволга солиб қўйишганди. Кейин эса Френки де Йонг – Педри жуфтлиги ишга тушди – бу икки футболчи майдон марказини қўлга олиб, ўйинни «Барселона» учун қулайроқ, хотиржамроқ кўринишга олиб келишди. Кейин эса Маркус Рэшфорд керакли голларни уриб, испанларга ғалаба келтирганди.
Лекин Френки де Йонг феврал ойида жароҳат олди ва «Нюкасл»га қарши икки ўйинни ҳам ўтказиб юборади. Педри эса эндигина тикланди ва қисқа вақтда оптимал формага кира олиши сўроқ остида. «Барселона» охирги ўйинларда айнан марказни назорат қилишга қийналмоқда.
АПЛ баҳсларида кучли бешликдан 9 очкога ортда қолиб кетган ва ягона умиди айнан Чемпионлар Лигаси ўйинлари бўлган «Нюкасл» бу сафар «Барселона»га етарлича бошоғриқ бўлиши турган гап. Гордон, Эланга, Висса, Мёрфи каби тезкор футболчиларга эга бўлган инглизлар «Барселона»нинг юқори ҳимоя услубидан фойдаланиб қолиши мумкин.
Умуман, таркиб бўйича албатта «Барселона» кучлироқ – қўпол хатолар, кутилмаган сценарийлар юзага келмаса, каталонияликлар кейинги босқичга ўтиши мумкин.
«Аталанта» – «БАВАРИЯ» (11 мартга ўтар кечаси, 01:00)
Имкониятлар: 25 га – 75
Италия клублари ичида фақат «Аталанта» турнир плей-офф босқичига чиқа олди. Бергамоликлар ўтиш босқичида Бундеслиганинг бошқа жамоаси – «Боруссия»га қарши биринчи ўйинда 0:2 ҳисобида ютқазганига қарамай, ўз майдонида камбэк амалга ошириб, кўпчиликнинг ёқимтойига айланиб улгуришди. Умуман, жамоа немисларга қарши анча муваффақиятли ўйнай олишини аввал ҳам исботлаган. Икки йил олдин бутун мавсумни мағлубиятсиз ўтказган «Байер» ҳам Европа Лигаси финалида шу жамоага қарши ўйинда сериясини тўхтатганди.
Лекин «Бавария»га қарши ўйинда бундай муваффақиятни такрорлаш жуда қийин кечиши турган гап. «Аталанта» ўзинининг энг яхши ўйинларини ўтказган тақдирда ҳам айни дамда натижалар борасида Европанинг энг яхши жамоаси бўлиб турган Венсани Компани шогирдлари бир бош юқори. Бунинг устига мюнхенликлар Бундеслигада етарлича фарқ билан пешқадамлик қилишмоқда ва керакли ротацияларни амалга ошириб, бор эътиборини айнан Чемпионлар Лигасига қаратиш имконига эга.
«АТЛЕТИКО» – «Тоттенҳэм» (11 мартга ўтар кечаси, 01:00)
Имкониятлар: 55 га – 45
Ҳар икки жамоа ҳам футбол ўйнашдан кўра рақибга ўйин бермаслик, унинг устун жиҳатларини йўққа чиқаришга уста, жисмоний курашларда ўзини жуда яхши ҳис қилади. Сўнгги йилларда «Атлетико» бироз ташаббускор футболга юзланган, «Тоттенҳэм» эса муаммолар гирдобида қолаётган бўлса-да, бу жуфтликдан ҳар нарсани кутиш мумкин. Англия чемпионатида аутсайдерлар қаторида юриб ҳам, Чемпионлар Лигасида кучли саккизликка киргани, умуман, ўтган йили ҳам худди шу режимда Европа Лигасини ютгани эътиборга олинса, ЕЧЛда умуман бошқача «Тоттенҳэм»ни кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, алоҳида ўйинларда «Атлетико»нинг ҳам планкаси анча юқори бўлишига кўп марта гувоҳи бўлганмиз.
Игор Тюдор ва Диего Симеоне дуэли – чиройли комбинациялар ва ҳужумкор ўйиндан кўра, қандай қилиб рақибга халақит берилиши, ўзини ҳам аямасдан курашни жонли томоша қилишни хоҳлайдиган ихлосмандлар учун ажойиб шоу.
«Байер» – «АРСЕНАЛ» (11 март, 22:45. Zo‘r TV)
Имкониятлар: 30 га – 70
Енгилмас жамоалар тўқнашуви. Бугунги таркибларга унчалик алоқадор бўлмаса-да, ҳар икки жамоа миллий чемпионатда мавсумни мағлубиятсиз якунлай олганлар клубига аъзо ҳисобланади. «Арсенал» 2003/04 йиллар мавсумида, «Байер» эса 2023/24 йилларда чемпионатда бирор марта ҳам ютқазмасдан чемпион бўлишни уддалаган.
Ушбу жуфтликда «Арсенал» яққол фаворит. Тақвим ҳам Микел Артета немисларга қарши ўйинларга нисбатан қулай шароитда тайёргарлик кўриш учун шароит яратди. Биринчидан, «Арсенал» «Байер»га қарши илк ўйин олдидан АПЛда қийин ўйин ўтказишига тўғри келмади, лондонликлар шанба куни учинчи лига вакили «Мансфилд Таун»га қарши осон ўйин ўтказди ва мураббий катта ротация қилиш имконига эга бўлди. Энди Леверкузенга жамоа жисмонан тайёр ҳолатда бориши мумкин. Жавоб ўйини борасида эса АПЛ лондонликларга ён босди – «Эвертон»га қарши учрашув аввалига якшанба кунига белгиланган эди, аммо «Байер»га қарши ўйин сешанба кунга тўғри келгани сабабли, АПЛ раҳбарияти ўйинни шанбага кўчириб берди.
«Арсенал» сўнгги ўйинларда унчалик барқарор эмаслиги ҳақида мулоҳазалар кўп бўлса-да, «Байер»да муаммолар янада кўпроқ дейиш мумкин. Лондонлик кейинги босқичга ўтишда жиддий муаммога дуч келиши даргумон.
«Реал» – «Манчестер Сити» (12 мартга ўтар кечаси, 01:00. Zo‘r TV)
Имкониятлар: 50 га – 50
Чемпионлар Лигаси классикасига айланиб бўлган тўқнашув. Сўнгги етти мавсумнинг олтитасида жамоалар турли босқичларда ўзаро куч синашишига тўғри келган. Фақат 2020/21 йиллар мавсумида мухлислар ушбу жамоалар тўқнашувига гувоҳ бўлмаган. Аммо буни жорий мавсумда гуруҳ босқичидаги ўзаро ўйин компенсация қилганди, дейиш мумкин. Ўшанда Пеп Гвардиола шогирдлари Мадриддан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди.
Аммо ўтган қисқа вақт ичида ҳам кўп нарса ўзгариб кетди. «Реал» Ҳаби Алонсони истеъфога чиқариб, Алваро Арбелоани янги бош мураббий этиб тайинлади, «Манчестер Сити» эса январнинг ўзида иккита катта трансферга қўл урди: Семенё ва Гейи билан жамоа янада кучайди. Семенё гуруҳ босқичи учун қайдномага киритилмагани туфайли, жамоа аъзоси бўлса-да, Чемпионлар Лигаси ўйинларида қатнаша олмаганди. У айнан «Реал»га қарши ўйинда дебют қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам айнан «Реал»га қарши ушбу турнирдаги илк ўйинини ўтказган ва катта таассурот қолдирганди, Гвардиола бу сафар ҳам унга ишонч билдириши мумкин.
Шу пайтгача жамоалар кўп марта тўқнаш келган бўлишса-да, бу сафар илк бор ўйинлар картинасини тахмин қилиш қийин. Авваллари, Гвардиола жамоаси ўз услубига мувофиқ тарзда тўпни назорат қилишга уринар, «Реал» эса индивидуал маҳорат ва тезкор қарши ҳужумларга таянар эди. Аммо янгиланган «Манчестер Сити» бироз бошқача, рақибга мослашиб ҳам ўйнашни ўрганиб олган. Ўз навбатида, Арбелоа бошқаруви давридаги «Реал»нинг ҳам аниқ услубини тасаввур қилиш қийин. Хуллас, мухлисларни ҳакам ҳуштаги чалингандан кейингина жамоаларнинг режаси намоён бўладиган, шунингдек, ўйин давомида бир неча марта мувозанат ўзгариши мумкин бўлган баҳслар кутиб турибди.
«ПСЖ» – «Челси» (12 мартга ўтар кечаси, 01:00)
Имкониятлар: 50 га –50
Ўн йиллар олдин ушбу жамоалар тўқнашуви ҳам Чемпионлар Лигасининг доимий томошасига айланиб кетганди. Демба Банинг сўнгги дақиқалардаги голидан сўнг майдон бўйлаб югургани, 2015 йилдаги оловли қўшимча бўлимлар кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Охирги марта эса рақиблар ўтган ёзда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида тўқнаш келишганди. Ўйин кутилмаганда «Челси»нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Демак, парижликларда қасос олиш имкони туғилди.
Умуман, лондонликларнинг собиқ устози Энцо Мареска катта ўйинларга хос тайёрланиш борасида кўп бор ўзини кўрсатган, агар ҳозир ҳам ушбу мутахассис ишлаётган бўлганида «Челси»нинг имкониятлари бироз юқорироқ баҳоланиши ҳам мумкин эди. Лиам Росениор келганидан буён Лондон клуби топ-рақиблардан фақат «Арсенал»га қарши учта ўйин ўтказди ва учаласида ҳам ютқазди. Қолган рақиблар билан ўйинларда эса асосан биринчи рақамда ўйнади ва ютқазмади. «ПСЖ» Росениор учун яна бир жиддий синов бўлади.
Албатта, ўтган йилнинг октябрида «ПСЖ» – «Страсбур» баҳсини ҳам унутмаслик керак – ўшанда «Страсбур» устози бўлган Росениор Энрике учун яхшигина сюрприз тайёрлаган ва 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаб кетганди. Меҳмонлар атиги ўйиннинг 29 фоиз вақтида тўпга эгалик қилиб ҳам вазиятлар борасида рақибга бўш келмаган, 3:1 ҳисобида олдинда борганди ҳам. Демак, Росениордан бу сафар ҳам нимадир кутиш мумкин.
Ўз навбатида, «ПСЖ»нинг ҳолати ҳам бироз мавҳум. Ўтган мавсумда жамоа гуруҳ босқичи масаласини фақат сўнгги турлардаги қийин ғалабалар орқали ҳал қилган ва шундан кейин аста-секинлик билан кучайиб борганди. Франция чемпионати анча енгил эканидан келиб чиқилса, айнан шундай тонус жамоа учун жуда керак. Аммо бу сафар «ПСЖ» гуруҳ босқичини нисбатан осон ўтказди, ҳатто ўтиш босқичида ҳам ички чемпионатдаги таниши «Монако» рақиб бўлди. Энрикенинг бу мавсум учун тажрибалари ҳали давом этаётгани, гуруҳнинг ҳал қилувчи ўйинида «Нюкасл»ни мағлуб эта олмагани, «Монако»га қарши икки ўйинда ҳам қийналгани, ички чемпионатда ҳам ишлар жойида эмаслигидан келиб чиқилса, «ПСЖ» ва «Челси»нинг имкониятларини тенг баҳолаш мумкин.
«Будё/Глимт» – «Спортинг» (12 мартга ўтар кечаси, 01:00)
Имкониятлар: 50 га – 50
Қуръа Чемпионлар Лигаси ушбу мавсумининг иккита энг ёрқин сенсацияси жамоаларини ўзаро рақиб қилди. «Будё/Глимт» гуруҳ босқичида «Манчестер Сити» ва «Атлетико»ни, ўтиш босқичида эса «Интер»ни мағлубиятга учратиб, барчанинг эътиборини ўзига қаратганди. «Спортинг» эса умумий гуруҳ босқичида кучли саккизликка кира олди. Португалияликлар сўнгги турда Билбаода кечган ўйинда мезбонлар дарвозасига 90+4-дақиқада гол уриб, «Реал»ни кучли саккизликдан тушириб юборганди. Ундан олдинги турда турда эса «ПСЖ» устидан ғалаба қозонилган.
Шу ергача етиб келишнинг ўзи катта ғалаба, чоракфинал эса ҳар икки жамоа учун эртакнинг давоми, ажойиб мукофот бўлади. Демак, нимчорак финалнинг энг очиқ, ҳужумкор ва эркин ўйинлари айнан шу жуфтлик иштирокида бўлиб ўтиши кутилмоқда.