Жаҳон | 10:10 / 11.03.2026
1752
4 дақиқада ўқилади

Германияда ёнилғи нархлари 2022 йилдан бери энг юқори даражага етди

Германияда энг арзон E10 бензини нархи 2022 йил май ойидан бери илк бор литри учун 2 евродан ошиб кетди. Соҳа вакиллари нархлар янада ўсиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: Wolfgang Maria Weber

Германияда ёнилғи нархлари 10 март, сешанба куни ҳам ўсишда давом этди. Бундан бир кун олдин энг арзон E10 бензинининг ўртача кунлик нархи литри учун 2 евродан ошиб кетгани ADAC автомобил клуби маълумотларида қайд этилди. Бу 2022 йил май ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Бир сутка ичида E10 бензини 4,4 центга қимматлаб, литри 2,028 еврога етди — бу уруш бошланишидан олдинги нархдан 25 центга қиммат. Дизел ёнилғиси эса 5,4 центга қимматлаб, литри 2,171 еврога чиқди — бу ҳам урушгача бўлган нархдан 42,5 центга юқори.

10 март куни эрталаб вазият янада ёмонлашди: соат 7:15 ҳолатига кўра, мамлакат бўйича E10 бензинининг ўртача нархи литри учун 2,095 еврони, дизелники эса 2,237 еврони ташкил қилди. Ҳар икки кўрсаткич ҳам 9 мартнинг шу вақтига нисбатан анча юқори бўлган. Ҳозирги ёнилғи нархлари 2022 йил февралда Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейинги дастлабки ойлардаги даражага яқинлашган, аммо ўша даврдаги рекорд кўрсаткичларга ҳали етганича йўқ: дизел 2022 йил 10 март куни тарихий максимум — 2,321 евро, E10 бензини эса 2022 йил 14 март куни 2,203 евро даражасига чиққан эди. Бу мос равишда душанба кунги нархдан 15 ва 17,4 центга юқори.

Одатда нефт нархи ёнилғи нархларининг ўзгаришига таъсир этувчи асосий омил ҳисобланади. 9 март куни у вақтинча бир баррел учун 100 доллардан ошиб кетди, аммо кейин яна сезиларли равишда шу даражадан пастлади. Шунга қарамай, ADAC вакили “ракета ва пар” деб аталувчи эффект хавфи борлигидан огоҳлантирди: яъни харажатлар ошиши дарҳол истеъмолчилар зиммасига юкланади, аммо пасайиш анча секин акс этади.

Ёнилғи қуйиш шохобчалари эгалари бирлашмаси (TIV) вакили Херберт Рабл Rheinische Post газетасига нефт концернлари юқори нефт нархларини дарҳол истеъмолчиларга юклашини айтди.

“Мен нефт концернлари ёнилғи нархларини яна ҳам кучлироқ оширишидан хавотирдаман, — деди у. — Нефт гигантлари Германия бозоридан нималар мумкинлигини синаб кўриш учун фойдаланаётганига шубҳа бор: охир-оқибат литри учун 2,50 евро ва ҳатто ундан ҳам юқори нархлар бўлиши мумкин”.

Раблнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада Европанинг ҳеч бир мамлакатида ёнилғи нархлари Германиядагидек кучли ошмаган. TIV Австрия намунасидаги тартибга солиш тарафдори бўлиб, унга кўра концернларга нархни кунига фақат бир марта оширишга, шундан кейин эса фақат пасайтиришга рухсат берилади. “Австрияда ҳозир ёнилғи нархи атиги 1,70 евро”, — деди Рабл.

Германия иқтисодиёт вазири Катарина Райхе ўтган ҳафта АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин Германиядаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида кузатилган кескин нарх ошишларини картелларга қарши федерал идора томонидан эҳтимолий қонунбузарликлар нуқтаи назаридан текшириш бошланишини эълон қилди.

Эътиборлиси, 2025 йилда Германия импорт қилган нефтнинг атиги тахминан олти фоизи Яқин Шарқдан келган — бу ҳақда Федерал статистика идораси маълумотлари далолат беради.

Германия учун энг йирик нефт етказиб берувчи мамлакат 16,6 фоиз улуш билан Норвегия ҳисобланади, иккинчи ўринда АҚШ, учинчи ўринда эса Ливия туради. Ўтган йили Германия жами 75,7 миллион тонна нефт импорт қилди, шундан 6,1 фоизи Яқин Шарқдаги тўрт давлат — Ироқ, БАА, Саудия Арабистони ва Исроил ҳиссасига тўғри келди. Минтақанинг бошқа давлатлари — Уммон, Қатар, Кувайт ва Эрон эса Германияга нефт етказиб бермаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид