Иқтисодиёт | 08:41
618
2 дақиқада ўқилади

Телеком ва IT хизматлари ҳажми 7 трлн сўмга яқинлашди

2026 йил январ ойида Ўзбекистонда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасида юқори кўрсаткич қайд этилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бир ой давомида ушбу йўналишда кўрсатилган хизматлар ҳажми 7 трлн сўмни ташкил этган. Бу эса телекоммуникация ва ахборот технологиялари хизматларига бўлган талаб барқарор юқори эканини кўрсатади.

Фото: Kun.uz 

Расмий маълумотларга кўра, ҳисобот даврида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари таркибида энг катта улуш компьютер дастурлаштириш хизматлари ҳиссасига тўғри келган. Ушбу йўналишда кўрсатилган хизматлар ҳажми 3,01 трлн сўмни ташкил этган бўлиб, бу IT соҳасидаги фаоллик юқори суръатларда давом этаётганидан далолат беради.

Шунингдек, телекоммуникация хизматлари ҳажми 2,37 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич мамлакатда мобил алоқа, интернет, маълумот узатиш ва бошқа телеком хизматларига талаб юқори бўлиб қолаётганини англатади.

Ахборот соҳасидаги хизматлар ҳажми эса 1,03 трлн сўмни ташкил этган. Мазкур йўналишга ахборотни қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш ва шу каби хизматлар киради.

Бундан ташқари, соҳадаги бошқа хизматлар ҳажми 618 млрд сўм бўлган. Умумий ҳисобда, ушбу рақамлар рақамли иқтисодиёт, IT хизматлари ва телеком тармоғи Ўзбекистон иқтисодиётида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётганини кўрсатади.

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажмининг юқори бўлиши рақамлаштириш жараёнлари кенгайиб бораётгани, давлат ва хусусий секторда замонавий технологияларга эҳтиёж ортиб бораётгани билан ҳам изоҳланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид