Иқтисодиёт | 14:36 / 12.03.2026
2036
3 дақиқада ўқилади

ХЭА мамлакатлари нефт захираларининг рекорд ҳажмини бозорга чиқаради

Халқаро энергетика агентлиги таркибидаги 32 давлат жаҳон нефт бозоридаги кескинликни юмшатиш учун умумий ҳажми 400 миллион баррел бўлган нефт захираларини чиқариш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилди.

Фото: Global Look Press/Vernon Yuen

Эрондаги уруш ва шу билан боғлиқ равишда энергия ташувчилар нархининг кескин ошиши фонида Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА)га аъзо давлатлар миллий захираларидан рекорд ҳажмда нефт чиқаради. ХЭА таркибига кирувчи 32 давлат 11 март, чоршанба куни Парижда бўлиб ўтган фавқулодда йиғилиш якунларига кўра, фавқулодда ҳолатлар учун сақланаётган захираларидан бозорга 400 миллион баррел хом нефт чиқаришга бир овоздан келишиб олди, деб маълум қилди ташкилот.

ХЭА маълумотига кўра, қатор давлатлар қўшимча фавқулодда чораларни ҳам кўради.

“Нефт бозорида дуч келаётган муаммоларимиз кўлами жиҳатидан мисли кўрилмаган”, — деб изоҳлади агентлик раҳбари Фотиҳ Бирол бу қарорни. Унинг қўшимча қилишича, нефт бозорлари глобал ҳисобланади, шу сабабли йирик узилишларга жавоб ҳам глобал бўлиши керак.

Dpa агентлигининг қайд этишича, ХЭА мамлакатларининг қўшма акцияси доирасида бу қадар катта ҳажмда нефт ҳали ҳеч қачон чиқарилмаган. Ушбу қадам Эрондаги уруш ва Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиши туфайли оғир аҳволга тушган бозорларни барқарорлаштиришга қаратилган. Жаҳон нефт савдосининг тахминан 20 фоизи айнан шу бўғоз орқали амалга оширилади. Жаҳон бозорларига босимни камайтириш учун АҚШ Ҳиндистонга Россия нефтини вақтинча сотиб олишга рухсат берди. Сўнгги кунларда нефт нархи 2022 йилдан бери биринчи марта 100 АҚШ долларидан ошиб кетди.

Хусусан, Германия миллий захирадан 19,5 миллион баррел нефт чиқариш режасини эълон қилди. Бундан ташқари, Германиядаги ёнилғи қуйиш шохобчаларига ёнилғи нархини кунига фақат бир марта оширишга рухсат берилди, деб маълум қилди 11 март куни иқтисодиёт вазири Катарина Райхе.

Бу чоралар сўнгги бир неча кун давомида ХЭА ва G7 давлатлари ўртасида Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши ҳамда шу орқали жаҳон бозорида юзага келган нефт танқислиги муносабати билан муҳокама қилинган эди. Таркибига “Катта еттилик” мамлакатлари ҳам кирувчи ХЭА давлатлари 1,2 миллиард баррелдан ортиқ стратегик нефт захирасига эга. Бу ҳажмга яна 600 миллион баррел саноат захиралари қўшилади.

Миллий нефт захиралари уруш ёки фалокат ҳолатида автомобил ёнилғиси ишлаб чиқариш, иситиш ва саноат эҳтиёжлари учун етарли нефт мавжуд бўлишини таъминлайди. Европа Иттифоқи ва ХЭА ўз аъзоларидан камида 90 кунлик импорт ҳажмига тенг нефт захираларини сақлашни талаб қилади. ХЭА маълумотига кўра, 2025 йил ноябр ойида Германияда 34,42 миллион тонна нефт сақланган.

ХЭА 1974 йилда ташкил этилганидан бери нефт захираларидан фойдаланишга атиги беш марта рухсат берилган — 1991 йилда Форс кўрфазидаги иккинчи уруш арафасида, 2005 йилда кучли довуллардан кейин, 2011 йилда Ливиядаги фуқаролик уруши даврида, шунингдек, 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин икки марта.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид