Жаҳон | 12:40
1917
4 дақиқада ўқилади

Мужтаба Хоминаий: Эрон ташқи босимга таслим бўлмайди

Отаси вафотидан сўнг Эроннинг олий раҳбари этиб сайланган Мужтаба Хоминаий илк оммавий баёнотида АҚШ ва Исроилдан қасос олиш ҳақида гапирди, шунингдек, Форс кўрфази давлатларини АҚШ ҳарбий базаларини ёпишга чақирди.

Фото: Articles And Reports

Эроннинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоминаий ўзининг илк оммавий баёнотида 28 февралдан буён АҚШ ва Исроил Эронга қарши олиб бораётган урушда ҳалок бўлганлар учун қасос олишга чақирди. Унинг давлат телевидениеси эфирида 12 март, пайшанба куни эълон қилинган баёноти матнини бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам тарқатди. Хоминаийнинг ўзи эса камералар олдида кўринмади.

“Биз, айниқса, болаларимиз қонига нисбатан жуда таъсирчанмиз”, — дейилади баёнотда. Теҳроннинг таъкидлашича, урушнинг биринчи куни Миноб шаҳридаги қизлар мактабига берилган зарба натижасида камида 175 киши ҳалок бўлган. Reuters агентлиги хабар қилганидек, америкалик ҳарбий терговчилар бу АҚШнинг Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) базасига қилган ҳужумлари оқибатида юз берган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Мужтаба Хоминаий, шунингдек, Эрон “ташқи тажовузга таслим бўлмаслигини” айтди ва мамлакат ичида бирликка чақирди. У Теҳрон эълон қилган Ҳўрмуз бўғозини блокада қилишни “муҳим босим дастаги” деб атади ва бу сиёсатни давом эттиришини билдирди. Урушгача жаҳон нефт савдосининг тахминан 20 фоизи айнан шу бўғоз орқали ўтар эди. 12 мартга ўтар кечаси Эрон Форс кўрфазидаги икки нефт танкерига денгиз дронлари билан ҳужум қилди, бундан олдин ҳам ушбу акваторияда бошқа фуқаровий кемалар ҳужумга учраган эди. Бу эса жаҳон нефт нархларининг кўтарилишига олиб келди.

Бундан ташқари, Эроннинг янги раҳбари Форс кўрфази давлатларини ўз ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий базаларини ёпишга чақирди. Шу билан бирга, сўнгги кунларда Эрон уларнинг ҳудудларини ўққа тутганига қарамай, Теҳроннинг араб қўшнилари билан муносабатлари “илиқ ва конструктив” эканини таъкидлади.

56 ёшли Мужтаба Хоминаийнинг Эроннинг янги олий раҳбари этиб сайлангани 8 март куни эълон қилинган эди. У мамлакатнинг аввалги раҳбари, 28 феврал куни Исроил-АҚШ ҳаво ҳужумлари натижасида ўлдирилган Али Хоминаийнинг иккинчи ўғли ҳисобланади. Сайлангунига қадар Мужтаба омма олдида жуда кам кўринган ва расмий лавозимларни эгалламаган, аммо Эрон сиёсий элитасида таъсирли шахс деб ҳисобланарди.

Исроилнинг “12-канал”и маълумотига кўра, Мужтаба Хоминаий АҚШ ва Исроил зарбалари биринчи куниёқ яраланган. The New York Times нашрининг аниқлик киритишича, Хоминаийнинг оёқлари шикастланган. Нашр фикрича, у ҳозиргача омма олдига чиқмаганининг асосий сабаби ҳам шу. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий эса Италиянинг Corriere della Sera газетасига берган интервюсида мамлакатнинг янги раҳбари яралангани, аммо унинг аҳволи оғир эмаслигини айтган.

Мужтаба Хоминаий ўзининг илк нутқида, шунингдек, рафиқаси ҳалок бўлганини маълум қилди ва 28 феврал куни унинг қароргоҳига берилган зарба пайтида синглиси, унинг турмуш ўртоғи ва боласи ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид