Жаҳон | 08:51
1318
4 дақиқада ўқилади

Трамп: эронликлар гаплашишни истаса, олдимизга келиши ёки қўнғироқ қилиши мумкин

АҚШ президенти Доналд Трамп, агар Эрон икки ойлик урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб боришни истаса, телефон қилиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлолмаслигини яна бир бор таъкидлади.

 Фото: Reuters

«Агар улар гаплашишни истаса, олдимизга келишлари ёки қўнғироқ қилишлари мумкин. Биласизми, телефон бор. Бизда яхши, хавфсиз алоқа линиялари мавжуд», деди Трамп 26 апрель куни Fox Newsʼга берган интервьюсида.

«Улар келишувда нималар бўлиши кераклигини яхши билишади. Ҳаммаси жуда оддий: уларда ядровий қурол бўлиши мумкин эмас, акс ҳолда учрашишдан маъно йўқ», дея қўшимча қилди у.

Reutersʼнинг ёзишича, рейтинги тушиб бораётган Трамп мамлакат ичида қўллаб-қувватланмаётган ушбу урушни тугатиш бўйича босимга дуч келмоқда. Эрон раҳбарлари эса стратегик муҳим Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатини тўхтатиш қобилияти орқали музокараларда устунлик топишга ҳаракат қилмоқда.

Axios нашри якшанба куни исмини ошкор этмаган икки манбага таяниб хабар беришича, Эрон покистонлик воситачилар орқали АҚШга Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш ва урушни тугатиш бўйича янги таклиф юборганини ёзди. Унда Эрон ядровий музокараларни кейинги босқичга қолдиришни таклиф қилган. АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй ушбу хабар бўйича изоҳ бермади.

Фото: Reuters

Эрон узоқ вақтдан бери Вашингтондан уранни бойитиш ҳуқуқини тан олишни талаб қилиб келади. Теҳрон буни фақат тинч мақсадларда эканлигини айтса-да, Ғарб давлатлари буни ядровий қурол яратишга қаратилган деб ҳисоблайди.

Эрон «мажбурий музокаралар»га кирмайди

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён шанба куни Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан телефон орқали мулоқот қилди. У суҳбатда Теҳрон таҳдид ёки блокада остида «мажбурий музокараларга» кирмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, музокарачилар келишув учун замин тайёрлашни бошлашдан олдин, Қўшма Штатлар биринчи навбатда барча тўсиқларни, жумладан, денгиз блокадасини олиб ташлаши керак.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса якшанба куни воситачи давлатлар — Покистон ва Ўмон ўртасида дипломатик сафарлар амалга оширди ва сўнгра президент Владимир Путин билан учрашиш учун Россияга йўл олди.

Эрон давлат матбуотининг хабар беришича, Ароқчи Ўмон раҳбари Ҳайсам бин Тариқ билан бўғоздаги хавфсизлик масаласини муҳокама қилган ва ташқи аралашувдан холи минтақавий хавфсизлик тизимини яратишга чақирган.

Ароқчи Ўмон раҳбари билан Фото: Al-Jazeera

Ароқчи Ўмон билан музокаралар марказида «барча қўшнилар ва дунё манфаатларига хизмат қиладиган хавфсиз транзитни таъминлаш йўллари» бўлганини айтди.

«Тасним» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ароқчининг Покистон расмийлари билан учрашувида «Ҳўрмуз бўғози бўйича янги ҳуқуқий режимни жорий этиш, товон пули олиш, уруш тарафдорлари томонидан ҳарбий тажовуз қайтарилмаслигини кафолатлаш ва денгиз блокадасини олиб ташлаш» масалалари муҳокама қилинган.

Дам олиш кунларидаги воқеалар фонида тинчлик саъй-ҳаракатларини тиклаш умидлари пасайиб кетди. Душанба куни эрта тонгда Осиё савдоларида нефть нархи кўтарилди, доллар курси бироз юқорилади

Гарчи 28 февралда бошланган уруш — ўт очишни тўхтатиш режимида бўлса-да, уни тўлиқ тугатиш шартлари бўйича ҳали келишувга эришилмаган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид