Жаҳон | 00:04 / 27.04.2026
5534
2 дақиқада ўқилади

Эрон ташқи ишлар вазири Россияга боради

Эроннинг Россиядаги элчиси Козим Жалолийнинг сўзларига кўра, Аббос  Ароқчи Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.

Фото: РИА Новости

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 27 апрел куни Россияга боради. Бу ҳақда Эроннинг Россиядаги элчихонаси хабар қилди

"Ароқчи Москвага ташрифи давомида Россия расмий шахслари билан Эрон-АҚШ музокараларининг ҳозирги ҳолати, ўт очишни тўхтатиш шартлари ва тегишли масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказади ҳамда РФ ҳукуматига ушбу музокаралар тўғрисида маълумот беради", - дейилади хабарда.

Эроннинг Россиядаги элчиси Козим Жалолийнинг сўзларига кўра, Аббос  Ароқчи Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашади.

Бу маълумотни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлади.

Жума куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ билан тинчлик музокараларини қайта бошлаш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун Покистонга келди.Бироқ ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эрон расмийлари АҚШ вакиллари билан учрашишни режалаштирмаётганини айтди. Котибнинг сўзларига кўра, Эроннинг таклиф ва хавотирлари Покистон орқали етказилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эрон уларнинг талабларини қондиришга қаратилган таклиф беришини айтди. Бироқ таклиф айнан нимадан иборат эканини ҳали билмаслигини билдирди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид