Жаҳон | 15:21
940
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳудудларига Telegram блокланишига тайёргарлик кўриш буюрилди

Россия президенти маъмурияти мамлакат ҳудудий ҳокимиятларини Дума сайловлари арафасида Telegram мессенжери эҳтимолий блокланишига тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди. “Верстка” нашри манбасига кўра, бу қарор Россия Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган.

Фото: Kun.uz

Россия Федерацияси президенти маъмуриятининг ички сиёсат бўлими мамлакат ҳудудларидаги ички сиёсат бўйича вице-губернаторлар ва сиёсий технологларни Telegram мессенжери эҳтимолий блокланишига тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда 12 март, пайшанба куни “Верстка” нашри президент маъмуриятидаги ўз манбаларига таяниб ёзди.

Уларнинг сўзларига кўра, жорий йил сентябрига белгиланган Давлат думасига “мураккаб” сайловлар йилида Telegram’ни блоклашни “ҳеч ким истамаган”. Мансабдорлар айтишича, Павел Дуров мессенжеридаги ташвиқот ишлари “йўлга қўйилган, тушунарли ва қулай”, аммо бундай қарорларни Россия Хавфсизлик кенгаши қабул қилади ва бошқа давлат органларига унинг қарорлари белгилаб берган “доирада ишлаш”гина қолади. Бу шароитда ҳудудий амалдорларга аҳоли ўртасидаги сиёсий ташвиқотни “ВКонтакте” ва “Одноклассники” ижтимоий тармоқлари, “Яндекс” сервислари ҳамда “миллий” Max мессенжерига кўчириш тавсия этилган.

“Верстка” ёзишича, Дума сайлови кампанияси давомида Кремл “МҲОни қўллаб-қувватлаш” мавзусидан фойдаланмоқчи. Россияда Украинага қарши уруш расман шундай аталади. Шунингдек, Россияни гўёки “қамалдаги қалъа” сифатида кўрсатиш мавзуси ҳам ишлатилади.

Бундан олдин РБК агентлиги Россияда Telegram’ни апрел бошида тўлиқ блоклаш ҳақида қатъий қарор қабул қилинганини ёзган эди. Шу билан бирга, машҳур мессенжер фронтда ишлашда давом этади — маълумки, Россия ҳарбийлари ундан алоқа воситаси сифатида фойдаланади. Блоклаш сабаби сифатида вояга етмаганларни “қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга ёллаш” ҳолатлари келтирилмоқда.

Феврал ойи охирида Telegram асосчиси ва эгаси Павел Дуров Россияда унга нисбатан “терроризмга кўмаклашиш” ҳақидаги жиноий модда бўйича иш қўзғатилганини айтди. Дуров ўз каналида Россия ҳукумати “ҳар куни россияликларнинг мессенжерга киришини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топаётгани”ни ёзди. У буни “ўз фуқароларидан қўрқадиган давлатнинг аянчли манзараси” деб атади.

Россиянинг бир нечта шаҳрида маҳаллий фаоллар Telegram блокланишига қарши митинглар ўтказишга уринди, аммо ҳокимият турли баҳоналар билан бунга йўл қўймади. Масалан, Новосибирскда акция олдидан амалдорлар дарахтларни текшириш баҳонаси билан махсус ажратилган йиғилиш ҳудудини ёпиб қўйди, полиция эса 15 кишини қўлга олди. Петропавловск-Камчатскда шаҳар ҳокимлиги шундай митинг ташкилотчиларига рухсат беришдан бош тортди, бунга улар гўёки нотўғри тўхташларга сабаб бўлиши ва “фейк”лар тарқатиши мумкинлигини важ қилиб кўрсатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид