Жаҳон | 09:50
1401
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Яқин Шарққа денгиз пиёда аскарлари ва ҳарбий кемалар юборяпти

Пентагон Яқин Шарққа минглаб денгиз пиёда аскарлари, шунингдек ҳарбий кемалардан иборат қўшимча кучларни кўчирмоқда. Axios хабарига кўра, АҚШ бу орқали “Эронга қарши ҳарбий операциялар ўтказиш имкониятларини кенгайтириш”ни мақсад қилган.

Фото: REUTERS

Пентагон Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғози блокадаси кучайтирилаётган бир пайтда Яқин Шарққа қўшимча равишда денгиз пиёда аскарлари ва ҳарбий кемаларни йўлламоқда. Бу ҳақда 13 март, жума куни The Wall Street Journal газетаси уч нафар америкалик амалдорга таяниб хабар қилди.

Хабарга кўра, АҚШнинг минтақадаги кучлари учун масъул бўлган Марказий қўмондонликнинг тегишли сўровини мудофаа вазири Пит Ҳегсет маъқуллаган. Бу сўров десант гуруҳи ва экспедицион отрядни жойлаштиришни назарда тутади. Бундай бирлашма одатда тахминан беш минг нафар денгиз пиёда аскари ва денгизчини, шунингдек бир нечта кемани ўз ичига олади.

Икки амалдорнинг сўзларига кўра, Японияда жойлашган USS Tripoli десант кемаси ва ундаги денгиз пиёда аскарлари ҳозир Яқин Шарқ сари йўл олган. Газета суҳбатдошлари денгиз пиёда аскарларининг бир қисми аллақачон минтақада эканини ҳам қайд этган.

Associated Press агентлиги АҚШ ҳарбий идорасидаги манбага таяниб хабар беришича, Яқин Шарққа тахминан 2,2 минг аскардан иборат 31-экспедицион денгиз пиёдалари корпуси ва USS Tripoli юборилган. Айни пайтда бу кема, шунингдек одатда Японияда жойлашган денгиз пиёда аскарлари билан бирга бўлган бошқа кемалар Тинч океани сувларида турибди. Уларнинг Эронга етиб бориши учун тахминан бир ҳафта керак бўлади.

Associated Press таъкидлашича, “бу қадам минтақадаги қўшинлар сони сезиларли даражада оширилаётганини англатса-да, бу ерусти операцияси (Эронда — таҳр.) муқаррар ёки умуман бўлади, дегани эмас”.

Қайд этилишича, денгиз пиёда аскарларининг экспедицион корпуслари фақат десант операцияларини бажариш билан чекланмай, балки элчихоналар ва тинч аҳолини муҳофаза қилиш, шунингдек табиий офатлар оқибатларини бартараф этишда ҳам ёрдам кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, Axios портали манбаси АҚШ Марказий қўмондонлигининг сўрови айнан “Эронга қарши ҳарбий операциялар ўтказиш имкониятларини кенгайтириш” учун қилинганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қўшимча денгиз пиёдалари бўлинмалари ва USS Tripoli'дан ташқари, Яқин Шарққа бошқа жанговар кемалар, шунингдек F-35 қирувчи самолётлари ҳам етиб келади.

28 феврал эрталаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлаганидан сўнг, Теҳрон ҳукумати нефт ва газ етказиб бериш учун муҳим бўлган Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатни амалда тўсиб қўйди ва Эрон уни “тўлиқ назорат” қилаётганини билдирди.

Бу эса энергия ташувчилар нархининг ўсишига олиб келди. Шу сабабли, хусусан, АҚШ Россияга нисбатан санкцияларни вақтинча юмшатди.

Вашингтон Теҳронни бўғозни миналашда айблаган, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари эса, Британиянинг The Financial Times газетаси маълумотларига кўра, ўз кемаларининг у ердан хавфсиз ўтиши бўйича кафолатлар юзасидан Эрон ҳукумати билан музокара олиб бормоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид