Жаҳон | 11:20 / 18.03.2026
2052
2 дақиқада ўқилади

Германияда бундесверда хизмат қилишни истовчилар сони ортиб бормоқда

Феврал ойи охирига келиб, 16 100 нафар Германия фуқароси бундесвер сафига кириш учун ариза топширган. Бу 2025 йилги кўрсаткичдан 20 фоизга юқори. Хизматга қабул қилинганлар сони эса 14 фоизга ошиб, 5300 нафарга етган.

Фото: Björn Trotzki/IMAGO

Германия қуролли кучлари — бундесвер сафида ҳарбий бўлишни истовчилардан тушаётган аризалар сони, шунингдек жорий йил бошидаги ҳарбий хизматчилар ва ходимлар умумий сони ўтган йилга нисбатан анча юқори бўлди. Бу ҳақда Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб, 17 март, сешанба куни хабар қилинди.

Қайд этилишича, феврал ойи охирига келиб Германияда 16 100 нафар эркак ва аёл бундесвер сафига қўшилиш учун ариза берган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан 20 фоизга кўп. Шу давр мобайнида ишга ва ҳарбий хизматга яқинда қабул қилинганлар сони ҳам ўтган йилги даражадан 14 фоизга юқори бўлиб, 5300 нафарга етган.

Айниқса, 6 ойдан 11 ойгача давом этадиган ихтиёрий ҳарбий хизматни, шунингдек 12 ойдан 23 ойгача бўлган қисқа муддатли хизматни ўташни истовчилар сонида ўсиш яққол кўзга ташланмоқда. Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бундай аскарлар сони йиллик таққослашда 15 фоизга ошиб, 13 400 нафарга етган.

Шу билан бирга, вазирлик умумий ҳарбий хизматчилар сони йил фаслига қараб ўзгариб туришини қайд этди. Хабарда аниқлаштирилишича, одатда йил бошида бундесвер сафини тарк этувчилар сони энг кўп бўлади.

2026 йилдан Германияда ҳарбий хизматни ўташ тартибини белгилайдиган янги қонун амал қилмоқда. Унга кўра, 18 ёшга тўлган барча фуқароларга ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтиш сўралган мактублар юборилади.

Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда бундесвер сафида 186 200 нафар аскар хизмат қилмоқда, бу 2025 йил февралидагидан 3600 нафарга кўп. Россиядан келиб чиқaётган таҳдид фонида Германия ҳукумати мамлакат қуролли кучлари сонини 2030-йиллар ўртасига қадар 260 000 нафарга етказишни мақсад қилган. Шунингдек, резервчилар сонини 200 000 нафаргача ошириш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид