Жаҳон | 13:41 / 18.03.2026
1891
2 дақиқада ўқилади

Молдовада Украина чегараси яқинида қулаган дрон топилди

Молдова ҳукумати маълум қилишича, Украина чегарасида аниқланган Россиянинг “Герань-2” учувчисиз аппарати назорат остидаги портлатиш орқали зарарсизлантирилган.

Фото: Видеодан кадр

Молдова Чегара полицияси Украина чегарасидан 500 метр узоқликда, Тудорово аҳоли пункти яқинида самолёт туридаги қулаган учувчисиз аппаратни топди. Бу ҳақда 17 март, сешанба куни Кишинёвдаги Молдова ҳукумати расмий Telegram-каналида хабар қилинди.

Кўздан кечиришдан сўнг, қурилма фаол ҳолатда экани ва портловчи механизм билан жиҳозланган бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинганидан кейин полициянинг портловчи моддалар ва техника бўлими мутахассислари “энг юқори хавфсизлик шароитида” назоратли портлатиш ўтказди.

Codru баталони муҳандислари Бош полиция инспекцияси мутахассислари билан биргаликда ушбу дронни “Герань-2” деб аниқлади. Бу — Эроннинг Shahed туридаги дронининг Россия версияси ҳисобланади. Молдова ҳукумати билдиришича, аппарат ичида аҳоли учун хавф туғдирадиган портловчи моддалар бўлган.

Молдова президенти Майя Санду бу ҳодисани мамлакат ҳаво ҳудудининг “жиддий бузилиши” ва унинг фуқароларига таҳдид деб атади.

“Россия суверенитетимизни яна бир бор бузмоқда ва одамларимизнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда”, — деб ёзди у X тармоғида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид