Таълим | 10:40 / 18.03.2026
1846
2 дақиқада ўқилади

Навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган педагоглар ишдан бўшатилмайди

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган педагогларни навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра ишдан бўшатиш ҳақидаги хабарлар асоссиз экани маълум қилинди. Вазирлик бу борада расмий муносабат билдириб, амалдаги тартибни тушунтирди.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, мактаб раҳбарияти ёки бошқа мансабдор шахслар томонидан педагогларни аттестация натижаларига кўра ишдан бўшатиш билан боғлиқ талаблар қўйилиши қонунчиликка мутлақо зид ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, ундан ўта олмаган педагогларнинг малака тоифаси туширилмайди ва уларга амалдаги тоифа бўйича иш ҳақи тўлаш давом эттирилади.

Шунингдек, бундай ҳолатларда педагоглар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳеч қандай қонуний асос мавжуд эмаслиги таъкидланди.

Фақат айрим ҳолатларда, яъни олий маълумотга эга бўлмаган ва мутахассис лавозимида ишлаётган педагоглар мажбурий аттестациядан ўта олмаган тақдирда, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин.

Бунда ҳам ходимга навбатдан ташқари аттестацияда кетма-кет икки марта иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагогларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда ишонч телефонлари ва махсус ботлар орқали мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилди. Мурожаат қилган шахсларнинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид