Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» турнирни тарк этди, Лиссабонда камбэк. ЕЧЛда кун ўйинлари
ЕЧЛда сешанба оқшомидаги ўйинлардан кейин чоракфиналнинг тўрт иштирокчиси маълум бўлди: «Сити» жавоб ўйинида ҳам ютқазди, «Челси» икки ўйинда 8 гол ўтказди, «Будё-Глимт» эртаги якунланди, «Арсенал» осон ғалабага эришди.
«Спортинг» 0:3 дан чиқиб кетди

«Спортинг» – «Будё-Глимт» 5:0
Голлар: Гонсалу Инасиу, 34 (1:0). Гонсалвеш, 61 (2:0). Суарес, 78 – пеналти (3:0). Араухо, 92 (4:0). Нел, 120+1 (5:0)
«Спортинг»: Руй Силва, Гонсалу Инасиу, Куарежма (Дебаст, 64), Араухо (Диоманде, 110), Фреснеда, Морита (Браганса, 68), Юлманн, Тринкау (Файе, 110), Гонсалвеш (Сантуш, 68), Катаму, Суарес (Нел, 116)
«Будё-Глимт»: Хайкин, Бертуфт, Гундерсен (Алеесами, 106), Беркан, Севолд, Берг, Фет (Эукленн, 90+1), Эвен (Басси, 85), Ҳауге (Салтнес, 79), Бломберг (Мяяття, 85), Ҳег (Ҳелмерсен, 79)
Огоҳлантиришлар: Юлманн, 47. Фреснеда, 74. Сантуш, 104 – Бломберг, 6. Ҳег, 68. Басси, 105. Салтнес, 118
Биринчи ўйин: 0:3
Бир ҳафта олдин сафардан йирик ҳисобдаги мағлубият билан қайтган португаллар Лиссабондаги жавоб ўйинида камбек амалга оширди. Мезбонлар илк дақиқалардан ҳужумга отланди, Педру Гонсалвеш, Франсишку Тринкау, Максимилиано Араухо ва Луис Суаресда яхши вазиятлар бўлди, аммо ҳисобни ҳимоячи Гонсалу Инасиу очди – у Тринкау томонидан ижро этилган бурчак зарбасидан сўнг бошда аниқ зарба йўллади.
«Спортинг» шундан кейин ҳам босим ўтказишда давом этди, аммо зарбалар бўйича яққол устунликка қарамай (15:4), танаффусга минимал ҳисобдаги устунлик билан йўл олди.
Иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида норвегияликлар ўйинга қайтишга ҳаракат қилишди ва бир неча ҳужумлар уюштиришди, аммо 61-дақиқада мезбонлар иккинчи голни ҳам уришди: Суарес қанотдан оширган тўпни Гонсалвеш дарвозага тўғрилаб юборди.
Меҳмонлар ўйинни ўз дарвозасидан узоқлаштира олмади ва кўп ўтмай Беркан жарима майдони ичида тўпни қўл билан ўйнади, белгиланган пеналтини Суарес аниқ ижро этиб, икки ўйиндаги умумий ҳисобни тенглаштирди – 3:3.
Бир неча дақиқа ўтиб Нуну Сантуш ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, аммо унинг жарима зарбасидан кейин тўп устунга борди. Мезбонлар 90 дақиқа давомида жами зарбалар бўйича 34:6 ҳисобида катта устунликка эришишди, лекин уч гол билан чекланишди.
Натижада ўйин тақдири қўшимча бўлимларда ҳал этиладиган бўлди. Бўлимларнинг биринчиси бошланиши биланоқ барибир ўйин тақдири ҳал бўлди: Тринкаунинг навбатдаги узатмасини Араухо голга айлантирди. Қўшимча иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Рафаэл Нел якуний ҳисобни ўрнатди – 5:0, умумий ҳисоб эса – 5:3.
Бу ЕЧЛ плей-оффлари тарихида биринчи ўйиндаги йирик фарқ жавоб ўйинида йўққа чиқарилиши билан боғлиқ бешинчи ҳолат бўлди. Бунгача бу ишни «Депортиво» («Милан» билан 1:4, 4:0), «Рома» («Барселона» билан 1:4, 3:0), «Ливерпул» («Барселона» билан 0:3, 4:0) ҳамда «Барселона» («ПСЖ» билан 0:4, 6:1) уддалаган.
Шу тариқа, турнир кашфиёти бўлган норвеглар биринчи ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонганига қарамай, ўз иштирокини якунлади. «Спортинг» эса ўз тарихида илк бор ЕЧЛ чоракфиналида ўйнайди.
Қизил ҳал қилди

«Манчестер Сити» – «Реал» 1:2
Голлар: Винисиус Жуниор, 22 – пеналти (0:1). Ҳоланд, 41 (1:1). Винисиус Жуниор, 90+3 (1:2)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш (Аке, 46), Ҳусанов, Айт Нури, Матеус Нунес (Мармуш, 57), Родри (Гонсалес, 74), Бернарду Силва, Рейндерс (Гейи, 46), Доку, Шерки, Холанд (Семенё, 57)
«Реал»: Куртуа (Лунин, 46), Рюдигер, Ҳаусен, Гарсия, Александр-Арнолд (Карваҳал, 83), Тшуамени, Питарч (Камавинга, 74), Арда Гулер (Мануэл Анҳел, 74), Валверде, Винисиус Жуниор, Диас (Мбаппе, 69)
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов, 45 – Мбаппе, 76. Александр-Арнолд, 80
Четлатиш: Бернарду Силва, 20
Биринчи ўйин: 0:3
«Манчестер Сити»да Мадридда кечган биринчи ўйиндан кейин (0:3) чоракфиналга йўл олиш учун минимал имконият сақланиб қолганди. Бунинг учун Гвардиола шогирдларидан камида ўз уйида учта тўп фарқи билан ғалаба қозониш ва ўйинни овертаймларга олиб ўтиш талаб этиларди.
Мадридликлар таркибидаги муаммолардан келиб чиқилса, бу уддалаб бўлмас топшириқ эмасди. Арбелоа ҳамон Беллингҳэмнинг хизматларидан фойдалана олмайди, ҳали тўлиқ тикланиб улгурмаган Мбаппе эса захира ўриндиғида қолдирилди, натижада ҳужум чизиғида Винисиусуга бу сафар ҳам Браим Диас шерик бўлди. Яримҳимоя чизиғида ҳам жароҳатлар туфайли ёш Питарч ўйнамоқда. Ҳимоя чизиғида эса Каррерас ҳали сафга қайтмади – чап қанотда унинг ўрнига савия борасида ундан анча ортда қолувчи Фран Гарсия ўйнашига тўғри келмоқда. «Сити»да эса асосий таркибда жароҳатлар йўқ – Гвардиола Гейи, Семенё ва Фоден каби футболчиларни захирада қолдиришни ўзига эп кўра оларди. У бу сафар ҳам «Реал»нинг қарши ҳужумларига қарши тезкор Ҳусановни стартга қўйди.
Камбэк учун «Этиҳад»да тезкор гол уриб олиш талаб этиларди. Аммо ўйиннинг илк дақиқаларида голга мадридликлар яқин келишди: биринчи ўйин қаҳрамони, Доннарумма дарвозасига ҳет-трик қайд этган Валверде яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо бу сафар унга аниқлик етишмади.
«Сити» бунга жавобан кучли босим билан жавоб қайтарди: беш дақиқа ичида учта хавфли вазият яратилди. Тибо Куртуа Шерки ва Родрининг хавфли зарбаларини қайтарди, Рейндерснинг зарбасини эса Ҳаусен тўсиб қолди.
Шундан кейин ушбу қарама-қаршилик тақдирини ҳал қилган эпизод рўй берди.
17-дақиқада «Реал» қарши ҳужум уюштирди, Винисиуснинг дастлабки зарбаси устунга тегди, қайтган тўпни эгаллаб олган ҳужумчи яқин бурчакка зарба йўллади, аммо тўпни Бернарду Силва тўсиб қолди. Ҳакам эса «ўйиндан ташқари ҳолат» қайд этди ва шу билан таҳдид аригандек эди. Аммо вазиятга VAR аралашди – аввалига Винисиус офсайдда эмаслиги маълум бўлди. Кейин эса Бернардунинг ҳолати кўриб чиқилди, якунда у тўпни қўли билан қайтарган деб топилди ва бош ҳакам Клеман Тюрпен унга қизил карточка кўрсатиб, «Сити» дарвозасига пеналти белгилади.

Мадриддаги ўйинда пеналтини ура олмаган Винисиус бу сафар зарбани аниқ ижро этди ва икки ўйиндаги умумий ҳисоб 4:0 кўринишига келди – ушбу қарама-қаршилик тақдири амалда ҳал бўлди.
Лекин «Сити» таслим бўлмади ва озчилик бўлиб қолганига қарамай тўлиқ куч билан олдинга ташланди. Куртуа қаҳрамонлик кўрсатишда давом этди, аммо бўлим охирида Эрлинг Ҳоланд рақиб жарима майдони ичида юзага келган палапартишликдан фойдаланиб, ўз голини уришга эришди.
Аммо иккинчи бўлим қуруқ расмиятчиликка айланиб бўлганди. Пепнинг ўйинчи алмаштиришлари ҳам, футболчиларнинг охирги кучини майдонга ташлаши ҳам фойда бермади.
Гвардиола 57-дақиқадаёқ Ҳоландни майдондан олиб, Семенёни ташлади. Бўлим давомида «Сити» икки бор дарвозани ишғол этди, аммо икки ҳолатда ҳам офсайд қайд этилди. Винисиус эса дублни расмийлаштирди.

«Реал» кучли рақибга қарши икки ўйинда ҳам ғалаба қозонди ва чоракфиналга чиқди. Навбатдаги босқичда мадридликларга 99 фоизлик эҳтимол билан «Бавария» рақиб бўлади.
Гвардиоланинг эса Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизлиги давом этади – унинг жамоаси сўнгги беш йил ичида тўртинчи марта «Реал»га ютқазиб, турнирни тарк этмоқда.
«Арсенал»да кутилган ғалаба

«Арсенал» – «Байер» 2:0
Голлар: Эзе 36, Райс 63
«Арсенал»: Райя, Тимбер, Салиба, Габриэл, Инапкие, Райс, Субименди, Эзе (Ҳаверц, 69), Сака, Троссар (Мартинелли, 69), Йокереш.
«Байер» Блаҳич, Куанса, Андриҳ, Терриер (Тиллман, 60), Тапсоба, Поку, Грималдо, Гарсия, Паласиос (Шик, 70), Маза, Кофане.
Биринчи ўйин: 1:1
АПЛда пешқадамлик қилаётган «Арсенал» ЕЧЛда ҳам юришини давом эттирмоқда. Умумий гуруҳ босқичида 100 фоизлик натижа қайд этган лондонликлар нимчорак финалнинг сафарда кечган биринчи ўйинида «Байер»га умид берганди (1:1), аммо Лондондаги жавоб учрашувида рақибга ҳеч қандай имкон берилмади.
«Арсенал» илк дақиқалардан ўйинни назорат қилди ва аста-секинлик билан босимни ошириб борди. Артета шогирдлари немисларни майдоннинг иккинчи қисмидаёқ қарши олишди ва тўпни қайтариб олиб, хавфли вазиятлар яратишди. Биргина Троссарнинг ўзи бўлим давомида тўрт бор зарба берди. Меҳмонлар дарвозабони Бласвиҳнинг қаҳрамонликлари бўлмаганида ҳисоб биринчи бўлимдаёқ йирик кўринишга келиши мумкин эди. Аммо у ҳам бўлим охирларида Эзенинг фантастик қаршисида ожиз қолди. Эбериченинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасидан кейин тўп дарвоза тўққизлигига бориб тушди.
«Байер» иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ўтди, аммо лондонликлар тартибли ҳимояланишди ва рақибга вазиятлар яратишга имкон бермади. Кейин эса Райс жарима майдони ташқарисидан ерлатиб йўллаган аниқ зарбаси билан ўйин масаласини узил-кесил ҳал қилди.
Йўқотадиган нарсаси қолмаган немислар қолган дақиқаларда яна олдинга ташланишди, аммо мезбонлар уларни жарима майдонига ҳам киритмади. Ўз навбатида, «Арсенал» хавфли қарши ҳужумлар уюштирди ва учинчи голни ҳам урди, аммо Ҳаверцнинг голи тўп қўл билан ўйналгани туфайли бекор қилинди.
Якунда икки гол фарқидаги ғалаба сақланиб қолди ва «Арсенал» кейинги босқичда «Спортинг»га қарши ўйнайдиган бўлди.
«Челси»да антирекордлар

«Челси» – «ПСЖ» 0:3
Голлар: Кварацхелия, 6 (0:1). Барколя, 15 (0:2). Маюлу, 62 (0:3)
«Челси»: Санчес, Ҳато, Чалоба, Кукуреля (Адарабиойо, 71), Сарр (Ачимпонг, 46), Сантос, Кайседо, Фернандес (Лавиа, 60), Жоао Педро (Делап, 59), Педру Нету, Палмер (Гарначо, 59)
«ПСЖ»: Сафонов, Маркинос, Пачо, Нуну Мендеш (Эрнандез, 66), Ҳакими, Витиня, Жоау Невеш (Маюлу, 46), Заир-Эмери, Кварацхелия (Ли Кан Ин, 73), Барколя (Дуэ, 59), Дембеле (Рамуш, 66)
Биринчи ўйин: 2:5
Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасида Лондонда кечган яна бир учрашувда «Челси» «ПСЖ» билан биринчи ўйиндаги (2:5) учта тўп фарқини йўққа чиқариш учун майдонга тушди, аммо яна учта гол ўтказиб юборди.
Париждаги учрашувда дубл қайд этган Хвича Кварацхелия жавоб ўйинида 6-дақиқадаёқ интригани ўлдирди. Бироз ўтиб Барколя ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Мезбонлар устози Лиам Росениор иккинчи бўлимда бирданига учталик алмаштириш қилиши (Палмер, Фернандес ва Жоау Педро ўрнига Гарначо, Лавиа ва Делап) ҳеч қандай фойда бермади. Меҳмонларнинг захирадан ўйинга қўшилган футболчиси Маюлу эса бироз ўтиб якуний ҳисобни ўрнатди – 0:3.
«Челси» бу ўйинда антирекордлар қайд этди: жамоа ЕЧЛда бунгача 14 дақиқа ичида икки гол ўтказиши ва плей-оффда икки ўйин натижасига кўра 8 гол ўтказиб юбориши ҳали кузатилмаганди.
Ушбу ишни уддалаган «ПСЖ» эса сўнгги етти мавсумда бешинчи бор асосий еврокубок чоракфиналига йўл олди. Жамоа ҳеч қачон 1/4 финалда қоқилмаган ва доим кейинги босқичга ўтган.
Парижликлар бу босқичда «Ливерпул» ва «Галатасарой» жуфтлигига қарши ўйнайди (бу жамоаларнинг биринчи ўйинида истанбулликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган, жавоб ўйини бугун Англияда бўлиб ўтади).
Мавзуга оид
12:39 / 16.03.2026
«МЮ» юқориламоқда, «Барса»да йирик ғалаба. Кун ўйинлари
10:59 / 15.03.2026
«Сити» деярли курашдан чиқди, Гулердан шедевр гол. Кун ўйинлари
12:09 / 12.03.2026
«Сити» Мадридда 3 та, «Челси» Парижда 5 та гол ўтказди. Кун ўйинлари
12:00 / 11.03.2026