Жаҳон | 21:36 / 19.03.2026
5686
3 дақиқада ўқилади

2026 йилда дунёдаги энг гўзал жойлар эълон қилинди

Испаниядаги Пикос-де-Европа тоғ тизмаси дунёнинг энг гўзал жойи деб топилди. Рўйхатда Самарқанддаги Регистон майдони ҳам бор.

Фото: Shutterstock

Испания шимолидаги Пикос-де-Европа тоғ тизмаси 2026 йилда дунёнинг энг гўзал жойи деб топилди. Рўйхатни туризм ва кўнгилочар мавзудаги нуфузли Time Out журнали жамоаси тузди. Рейтинг муаллифларининг таъкидлашича, рўйхат субъектив ва ҳеч қачон тўлиқ эмас. Шу билан бирга, улар рўйхатдаги ҳар бир ўринни баҳолаш ҳақиқий тажрибага асосланганини таъкидлади.

«Ушбу рўйхатдаги ҳар бир пляж, кўл, шаҳар ва водий бизнинг саёҳатчи-муаллифлар тармоғимиз томонидан текширилди. Бир сўз билан айтганда, уларнинг барчаси саёҳат қилишга ва уларни ўз кўзингиз билан кўришга арзийди», дейилади хабарда.

Пикос-де-Европа дунёдаги энг ихчам тоғ тизмаларидан бири бўлиб, қирғоқдан атиги 20 километр узоқликда 2650 метр баландликка етади.

- Бу, албатта, географиянинг мўъжизаси, лекин у ниҳоятда гўзал манзаралар ҳам яратади. Пикос тоғлари денгиздан тик кўтарилади, яъни бу кўринишлар нафақат тик даралар ва хавфли чўққиларни, балки ярқироқ пляж чизиқлари ва қутурган Кантабрия денгизини ҳам ўз ичига олади, деди британиялик Time Out муаллифи Эд Каннингем.

Унинг сўзларига кўра, Пикос-де-Европа миллий боғи ҳудудида сон-саноқсиз гўзал жойлар мавжуд: ҳайратланарли даражада ёлғиз тоғ чўққиси Наранхо де Булнес, қадимий тоғ қишлоқлари Сотрес ва Каин, худди шу номдаги зиёратгоҳи бўлган ялтироқ музлик кўллари Ковадонг ва шаршара устида мувозанатлашган қоядаги зиёратгоҳ.

Айниқса, сайёҳларга Испаниядаги энг машҳур пиёда маршрутлардан бири бўлган Рута де Карес йўналишига эътибор қаратиш таклиф қилинмоқда. 23 километрлик (бориш ва қайтиш) йўл каньон орқали чўққилар ва шаршаралар ёнидан ўтади ва унинг баъзи йўллари қояда ўйилган.

Рўйхатга бутун дунё бўйлаб 51 та ақл бовар қилмайдиган жой киритилган. Унда Самарқанддаги Регистон майдони ҳам бор ва у 47-ўринда қайд этилган.

2026 йилда дунёдаги энг гўзал 10 та жой:

- Пикос де Европа, Испания.

Фото: Shutterstock

- Комодо миллий боғи, Индонезия.

Фото: Shutterstock

- Морган музейи қошидаги кутубхона, Нью-Йорк, АҚШ.

Фото: Shutterstock

- Дору водийси, Португалия.

Фото: Shutterstock

- Биг Сур, АҚШ.

Фото: Shutterstock

- Улсуотер, Англия.

Фото: Shutterstock

- Италиянинг Болонья шаҳри.

Фото: Shutterstock

- Капо Теста, Сардиния, Италия.

Фото: Shutterstock

- Виктория шаршараси, Африка.

Фото: Shutterstock

- Пунах водийси, Бутан.

Фото: Shutterstock
Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид