Жаҳон | 11:26
968
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат қарзи илк бор 39 триллион доллардан ошди

АҚШ давлат қарзи тарихда биринчи марта 39 триллион долларлик чегарадан ошди. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълумотларидан кўриниб турибди. Associated Press агентлиги ёзишича, бу кўрсаткич президент Трамп маъмуриятининг қарама-қарши устувор йўналишларини кўрсатиб турибди.

Фото: Stephan Jansen dpa/picture alliance

АҚШ давлат қарзи тарихда илк бор 39 триллион доллардан ошди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги томонидан 18 март, чоршанба куни тақдим этилган маълумотларда айтилган. 38 триллион долларлик кўрсаткич 2025 йил октябр ойи охирида, 37 триллион долларлик чегара эса ўша йилнинг август ойида ошиб ўтилган эди.

Associated Press агентлиги таъкидлашича, бу мисли кўрилмаган миқдор амалдаги президент Доналд Трамп маъмуриятининг бир-бирига зид устувор йўналишларини кўрсатади. Гап кенг кўламли солиқларни камайтириш тўғрисидаги қонун, мудофаа харажатларини ошириш ва иммиграция хизмати фаолиятини молиялаштириш ҳақида бормоқда. Мамлакат Ҳисоб палатаси тушунтиришича, давлат қарзининг ўсиши америкаликлар учун ипотека ва автокредитлар бўйича фоиз ставкалари ошиши, корхоналар молиявий ресурслари камайиши ҳисобига иш ҳақлари пасайиши, шунингдек товарлар ва хизматлар қимматлашишига олиб келади.

Нодавлат Peter G. Peterson жамғармаси раиси Майкл Петерсон шундай огоҳлантирди: “Биз бу хавотирли ўсиш суръатини ва келаси авлод зиммасига юклаётган улкан молиявий юкни тан олишимиз керак”.

Унинг баҳосига кўра, ҳозирги ўсиш суръати сақланиб қолса, 40 триллион долларлик чегара Палата ва Сенат сайловларидан аввалроқ, яъни ноябр ойи бошида кутилаётган сайловлардан олдин ошиб ўтилади.

Сўнгги йилларда АҚШ давлат қарзи турли геосиёсий можаролар ва урушлар, солиқ имтиёзлари, шунингдек COVID-19 пандемиясига қарши кураш учун йирик харажатлар шароитида жуда тез ўсди. Бир неча кун аввал АҚШ Миллий иқтисодий кенгаши директори Кевин Хассетт ҳисоб-китоб қилиб, АҚШ иштирок этаётган Эрондаги уруш Вашингтонга аллақачон 12 миллиард доллардан ортиқ маблағга тушганини айтган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид