Фойдали | 15:00
5021
3 дақиқада ўқилади
Реклама

East Telecom’нинг ОАВ учун расмий баёноти

Ижтимоий тармоқларда 78 префикси билан бошланувчи рақамлардан фирибгарлик қўнғироқлари амалга оширилаётгани ҳақида тарқатилаётган маълумотлар муносабати билан East Telecom компанияси қуйидагича изоҳ беришни зарур деб ҳисоблайди.

Фото: East Telecom

78 префикси компаниямиз фойдаланадиган рақам ресурси ҳисобланади. Бироқ рақамнинг экранда кўриниши қўнғироқ айнан оператор тармоғи орқали амалга оширилганини англатмайди. Фирибгарлар кўпинча IP-телефония ва рақамни сохталаштириш (Caller ID spoofing) технологияларидан фойдаланади, бунда рақам исталган алоқа операторига тегишли бўлиб кўриниши мумкин.

Мавжуд маълумотларга кўра, бундай қўнғироқлар Ўзбекистоннинг турли алоқа операторлари префикслари орқали ҳам қайд этилмоқда, бу эса муаммонинг тизимли характерга эга эканини ва у алоҳида бир оператор фаолияти билан боғлиқ эмаслигини кўрсатади.

Шунингдек, қўнғироқни кўтаришнинг ўзи пул маблағларининг ечиб олиниши ёки банк ҳисобларига кириш имконини бермайди. Фирибгарлик ҳолатлари, одатда, абонент учинчи шахсларга махфий маълумотларни ўзи тақдим этганида юз беради. Бундай маълумотларга қуйидагилар киради:

• SMS тасдиқлаш кодлари

• бир марталик банк пароллари

• банк картаси маълумотлари

East Telecom фойдаланувчиларни рақамли хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга ҳамда телефон орқали SMS-кодлар ва банк маълумотларини ҳеч кимга бермасликка, ҳатто қўнғироқ қилувчи ўзини банк ёки бошқа молиявий ёки давлат ташкилот ходими сифатида таништирса ҳам, қатъий чақиради.

 

Шу билан бирга, айрим Telegram-каналларда асосланмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилаётганини таъкидлаймиз. Бундай хабарлар компаниямизнинг кўп йиллик ишчанлик обрўси ва имижига зарар етказиши, шунингдек, мижозлар ва ҳамкорлар ўртасида ишончсизликни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 202²-моддасига мувофиқ, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёки унинг обрўсига путур етказувчи ёлғон маълумотларни тарқатиш, жумладан, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки интернет орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

 

East Telecom тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда ҳамда фирибгарлик схемаларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишда зарур ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, ОАВ вакиллари ва канал администраторларини фақат текширилган ва ишончли маълумотларни тарқатишга чақирамиз.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид