Жаҳон | 11:48 / 19.03.2026
2173
3 дақиқада ўқилади

Мадуронинг сафдоши Венесуэла Мудофаа вазирлигини бошқаришдан четлатилди

Владимир Падрино Лопес Венесуэла мудофаа вазирлигини 10 йилдан ортиқ бошқарган ва Николас Мадуронинг яқин сафдоши бўлган. Президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес бу лавозимга Густаво Гонсалес Лопесни тайинлади.

Владимир Падрино Лопес Фото: Matias Delacroix/AP

Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес мудофаа вазири Владимир Падрино Лопесни лавозимидан четлатди. Каракас бу қарорни 18 март, чоршанба куни эълон қилди.

Мудофаа вазирлигининг янги раҳбари этиб Густаво Гонсалес Лопес тайинланди. У 2015–2016 йилларда ички ишлар вазирлигини бошқарган, 2019–2024 йилларда эса Боливар миллий разведка хизмати директори лавозимида ишлаган. У инсон ҳуқуқларини бузганлик учун Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари остида.

Густаво Гонсалес Лопес
​​Фото: Ariana Cubillos/AP 

Родригес Падрино Лопесга “ватанга садоқати ва шу йиллар давомида мамлакатимизни ҳимоя қилган биринчи аскар бўлгани учун” миннатдорлик билдирди. Президент вазифасини бажарувчи собиқ мудофаа вазири “худди шундай фидойилик ва шараф билан” янги вазифаларини ҳам бажаришига ишонч билдирди, аммо айнан қайси вазифа эканини очиқламади.

Падрино Лопес Венесуэла мудофаа идорасини 2014 йил октябридан бери бошқариб келган. El Nacional нашри таъкидлашича, бу мазкур лавозимда бўлишнинг энг узоқ муддатларидан бири ҳисобланади.

У мамлакатнинг собиқ раҳбари Николас Мадуронинг яқин сафдоши деб ҳисобланади. Dpa агентлиги қайд этишича, қуролли кучлар Боливар Республикасида давлат ҳокимиятининг асосий таянч устунларидан бири ҳисобланади.

Родригес яна бир нечта вазирлик раҳбарларини ҳам алмаштирди, бироқ бу ўзгаришлар сабабини тушунтирмади. Масалан, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири этиб Эдуардо Пиняте ўрнига Карлос Алексис Кастило тайинланди. Роналдо Алькала электр энергетикаси вазири лавозимида Хорхе Маркес Монсалве ўрнини эгаллади. Хорхе Маркес Монсалве эса уй-жой қурилиши вазири этиб Раул Паредес ўрнига тайинланди. Бундан ташқари, Ҳарбий қарши разведка бош бошқармаси директори этиб Герман Гомес Ларес тайинланди.

Делси Родригес 5 январдан буён Венесуэла президенти вазифасини бажариб келмоқда. Ундан икки кун олдин, АҚШ махсус кучлари “Мутлақ қатъият” номли ҳарбий операция чоғида Каракасда Николас Мадурони унинг турмуш ўртоғи Силия Флорес билан бирга қўлга олди ва уларни Қўшма Штатларга олиб кетди. Америка ҳокимияти Мадурога, жумладан, “наркотерроризм” ва қурол сақлаш бўйича айбловлар қўйган.

Март ойида Қўшма Штатлар Венесуэланинг олтин қазиб олиш секторига нисбатан санкцияларни юмшатди. Худди шу ойда Вашингтон Боливар Республикасининг янги ҳукуматини расман тан олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид