Ўзбекистон | 08:10 / 19.03.2026
878
2 дақиқада ўқилади

Радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик талаблари ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиоактив материалларни ташишда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги талаблар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат ядро ва радиациявий хавфсизликни кучайтириш, шунингдек, соҳада ягона тартибни жорий этишга қаратилган.

Фото: Getty Imagеs

Лойиҳада радиоактив материалларни ташишни рухсатнома асосида амалга ошириш, уларни тўғри қадоқлаш ва контейнерлаш, транспорт воситаларини жиҳозлаш ҳамда радиацион назорат ва мониторингни ташкил этиш бўйича асосий талаблар белгиланган.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби, ташиш жараёнида иштирок этувчи шахсларнинг мажбурият ва жавобгарлиги, ходимларнинг тайёргарлиги ва давлат назорати механизмлари ҳам аниқлаштирилмоқда.

Ҳужжатга кўра, радиоактив материалларни ташиш жараёнида ходимлар, аҳоли ва атроф-муҳитга кўрсатиладиган радиациявий таъсир белгиланган меъёрлардан ошмаслиги шарт.

Қадоқлаш тўпламлари радиоактив материалларни хавфсиз сақлаш ва ташиш имконини берадиган тарзда лойиҳаланиши, уларнинг мустаҳкамлиги ва радиация таъсирига чидамлилиги ҳисобга олиниши лозим.

Шунингдек, радиоактив материалларни ташишда радиациявий назорат, индивидуал нурланиш дозаларини кузатиш, транспорт воситалари ва қадоқлаш тўпламларининг ҳолатини мунтазам текшириб бориш талаб этилади.

Лойиҳада ядровий хавфсизлик талаблари ҳам алоҳида ўрин олган бўлиб, ядровий бўлинувчи материаллар билан боғлиқ ҳолатларда махсус чекловлар ва назорат механизмлари жорий этилиши кўзда тутилган.

Мазкур талаблар радиоактив материалларни ташиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш, иштирокчилар масъулиятини аниқ белгилаш ҳамда миллий меъёрларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид