Технология | 21:04 / 19.03.2026
2931
2 дақиқада ўқилади

Японлар дунёдаги энг хунук деб номланган самолётни қурди

Самолёт ҳарбий авиациянинг анъанавий кўринишидан тубдан ажралиб турадиган улкан қавариқ бурун айланасига эга.

Фото: Japan Ministry of Defense

Япониянинг энг янги Kawasaki EC-2 радиоэлектрон кураш самолёти биринчи фотосуратларданоқ жаҳон оммавий ахборот воситаларида ва авиация мутахассислари орасида шиддатли реакцияга сабаб бўлди - ностандарт кўриниши туфайли машина дарҳол «ўрдакбурун» ва «дунёдаги энг хунук самолёт» деб номланди.

Бундай экзотик лақабнинг сабаби - ҳарбий авиациянинг анъанавий кўринишидан тубдан ажралиб турадиган улкан қавариқ бурун айланаси. Американинг The War Zone нашри EC-2 самолётини бир хил ҳарбий дизайнлар фонида «радикал истисно» деб атади. Ғайриоддий тумшуқдан ташқари, машина корпуси радиоэлектрон кураш ускуналарини яширадиган ҳайбатли ён айланалар билан безатилган.

Шунга қарамай, ёқимсиз ташқи кўриниш ортида жиддий ҳарбий салоҳият яширинган. «Ўрдакбурун» ўзининг биринчи парвозини 2026 йил 17 мартда Гифу префектурасидаги авиабазада - Mitsubishi F-2B қирувчи самолёти ҳамроҳлигида амалга оширди. Самолёт ишончли C-2 транспортёри базасида яратилган ва деярли 36 тонна юк кўтаришга қодир.

ЕC-2 вазифаси жуда жиддий: самолёт душманнинг радиоэлектрон тизимларини бостириб, унинг ҳаво мудофааси доирасидан ташқарида қолади. Айнан кучли радиоэлектрон кураш мажмуасини - тахминан J/ALQ-5 тизимини жойлаштириш учун конструкторлар эстетикани қурбон қилишлари керак эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид