Спорт | 09:45
1564
2 дақиқада ўқилади

ФИФА Исроил футбол ассоциациясини жаримага тортди

Фаластин ассоциациясининг шикоятидан сўнг, Исроил футбол ассоциацияси тахминан 164 минг евро миқдорида жарима тўлаши ва яқинда бўлиб ўтадиган ўз майдонидаги ўйинларда баннер илиб қўйиши керак, деб қарор қилди ФИФА.

Фото: AFP/Getty Images

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА, FIFA) Фаластин футбол ассоциацияси (PFA) томонидан билдирилган айбловлардан сўнг Исроил футбол ассоциациясига (IFA) нисбатан 150 000 швейцария франки (тахминан 164 300 евро) миқдорида жарима қўллади. Тегишли қарор футбол федерацияси томонидан 19 март, пайшанба куни ўз сайтида эълон қилинди.

ФИФА Интизом қўмитаси IFA “ФИФАга аъзо ассоциация сифатидаги мажбуриятларини бир неча бор бузган”, деб топди ва унга ФИФА интизом кодексининг 13-моддаси (“Ҳақоратли хатти-ҳаракат ва ҳалол ўйин тамойилларини бузиш”) ҳамда 15-моддаси (“Камситиш ва ирқий баёнотлар”)ни бузгани учун санкциялар қўллади.

Қарорга мувофиқ, IFA жаримани тўлаши, кейинги учта ўз майдонидаги ўйинда футбол ассоциацияси логотипи ёнида “Футбол дунёни бирлаштиради — Камситишга йўқ” деган ёзувли “катта ва яхши кўринадиган баннер”ни жойлаштириши, шунингдек жариманинг учдан бир қисмини “камситишга қарши чораларни таъминлаш ва такрорий ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комплекс режани амалга ошириш”га йўналтириши керак бўлади. Хабарда айтилишича, ушбу қарор ФИФАнинг апелляция қўмитасида шикоят қилиниши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид