Иқтисодиёт | 09:07
472
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда январ ойида қоғоз саноатида сезиларли ўсиш кузатилди

2026 йил январ ойида Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан 668,2 млрд сўмлик қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,8 фоизга ошган.

Фото: Getty images

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ ойида мамлакатда йирик корхоналар томонидан жами 668,2 млрд сўмлик қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Қайд этилишича, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 фоизга ўсган. Бу эса қоғоз саноатида ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошганини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бу ерда 281 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 206,1 млрд сўм, Андижон вилояти — 49,2 млрд сўм, Самарқанд вилояти — 34,4 млрд сўм ва Фарғона вилояти — 32,4 млрд сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Хоразм вилоятида 22,1 млрд сўм, Наманган вилоятида 20,2 млрд сўм, Бухоро вилоятида 11,1 млрд сўм, Жиззах вилоятида 4 млрд сўм, Сирдарё вилоятида 3 млрд сўм, Навоий вилоятида 2,1 млрд сўм ва Қашқадарё вилоятида 1,6 млрд сўмлик қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Энг паст кўрсаткичлар эса Сурхондарё вилоятида 0,5 млрд сўм ва Қорақалпоғистон Республикасида 0,3 млрд сўмни ташкил этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид